Ховос туманида жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика ишлари ўрганилди
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ховос туманида бўлиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда профилактик чора-тадбирларни самарали ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича танишди.
Ташриф давомида бошқарма бошлиғи тумандаги бир қатор маҳаллаларга бўлди. Маҳалла еттилиги таркиби билан учрашиб, жамоат тартибини таъминлаш, аҳоли билан ҳамкорликда ишлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтириш масалалари муҳокама этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон қарори асосида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ижроси кўриб чиқилди.
Учрашувларда бошқарма бошлиғи жойларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, профилактик тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш ва ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, мутасаддиларга профилактика инспекторлари фаолиятини кучайтириш, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиш, ижтимоий назоратни самарали амалга ошириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берди.
Ташриф давомида бошқарма бошлиғи тумандаги айрим алоҳида тоифадаги шахслар яшайдиган хонадонларга кириб, уларнинг турмуш шароити, эҳтиёж ва таклифларини ўрганди. Муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида масъул ташкилот ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берилди.
Бошқарма бошлиғи таъкидлаганидек, жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла фаоллари, ҳудуд профилактика инспекторлари ва аҳолининг ўзаро ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, жойларда бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.