Гулистонда яна бир оғуфуруш қўлга олинди.
ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Сирдарё вилояти ИИБ тезкор ходимлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳар ҳудудида ўтказилган “Назорат остида олиш” тезкор-қидирув тадбири давомида, фуқаро З.К 100 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида, тадбирга харидор сифатида жалб этилган “А” исмли шахс билан Гулистон шаҳар Юксалиш маҳалласи Ёғду кўчасида учрашиб, ундан гашиш гиёҳвандлик воситаси учун 1800 АҚШ доллар миқдордаги пулларни олган вақтида ушланиб, холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганда, унинг ёнидан тадбирда фойдаланилган 18 дона 100 АҚШ доллар купюрадаги 1800 АҚШ доллар миқдордаги пуллар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, фуқаро З.К нинг Гулистон шаҳар Юксалиш маҳалласи Ёғду кўчасида жойлашган уйи Ўзбекистон Республикасининг Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан кечиктириб бўлмаган ҳолатда кўздан кечирилганда, яшаш уйининг меҳмонхонасидаги шкафдаги эркаклар костюми ички чўнтагидан целлофан пакетчага жойлаштирилган жигаррангли, ўзидан ўткир ҳид таратувчи, назоратли ўлчовдан ўтказилганда, 9,52 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик воситасига ўхшаш восита ҳамда қурилиш ишлари тамомланмаган уйнинг дераза токчасидан электрон тарози борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан фуқаро З.К га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “Қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сирдарё вилоят ИИБ Ахборот хизмати