Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғининг аҳолига мурожаати.
Ассалому алайкум, ҳурматли шаҳримиз фуқаролари ва меҳмонлари!
Гулистон шаҳрида жиноятларнинг катта-кичиклигидан қатъий назар рақамга эмас, сифатга ҳамда фуқароларнинг ҳар бир мурожаатига алоҳида эътибор қаратилиб, жиноят содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги ҳамда қонун бузилиш ҳолатларига тезкорлик билан муносабат билдирилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларни барвақт олдини олиш ишлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда давом эттирилмоқда.
2021 йилнинг октябрь ойи давомида ҳам Гулистон шаҳрида жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, жиноятдан жабрланган шахсларни ҳуқуқларини тиклаш, етказилган зарарларни ўрнини қоплаш ва ҳар бир қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.
2021 йилнинг октябрь якуни бўйича криминоген вазият тўғрисида тўхталиб ўтсам. Ушбу даврда қайд этилган жиноятларнинг салмоқли қисми, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этиб, юқоридаги жиноятлар асосан бозор ҳудудларида, савдо дўконларида, йўловчи автомашиналарда, ўқув масканларида ва бошқа ҳудудларда содир этилмоқда.
Ўғирлик жинояти хонадон ва савдо шаҳобчасига ғайриқонуний равишда кириш орқали ёки фуқароларимиз томонидан ўзларига тегишли автомототранспорт воситаларини очиқ ҳолда қаровсиз қолдиришлари, шунингдек бозорлар, кўчалар ва савдо шахобчаларида юрган вақтида ёнидаги мулкларига нисбатан, шу билан бирга ҳайвонлар, велосипедлар ва шу каби бошқа мулкларини яшаш хонадонлари ва очиқ майдонларида хавфсиз сақланишига эътиборсиз муносабатда бўлиб келаётганликлари оқибатида содир этилмоқда.
Мисол учун Гулистон шаҳар ИИБга фуқаро Ғ.Э мурожаат қилиб, Гулистон шаҳар, Тараққиёт МФЙ ҳудудида жойлашган «Ўзбекистон миллий метрология институти» Сирдарё филиали биноси олдида қаровсиз қолдирилган, ўнга тегишли бўлган Ласетти русумли автомашинаси эшиклари очиқ қолганлигидан фойдаланиб, автомашина салондан ичида 2.350 АҚШ доллари бўлган эркаклар сумкаси ўғирлаб кетган.
Фирибгарлик жинояти усули бўйича таҳлил қилинганида, салмоқли қисми автомашина олиб бериш, уй-жой ва ер олди-сотдиси, ишга киритиб қўйиш, олди-берди муносабатлари ҳамда ўзига тегишли уяли телефон аппарати ва бошқа мулкини фойдаланиб олиши учун нотаниш шахс қўлига ишониб топшириши билан боғлиқ ҳолда содир этиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Жумладан; Гулистон шаҳар ИИБга фуқаро С.Т мурожаат қилиб, таниши Х.Н “Redmi Note 8» русумли уяли алоқа воситасини 2.000.000 сўмга баҳолаб, сотиб олиб, пулларни бермасдан алдаб, уяли алоқа воситасини ўзга шахсга сотиб юбориб, пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.
Шунингдек, фуқаро К.А ИИБга мурожаат қилиб, фуқаро И.К ва бошқалар томонидан уй-жой қуриш учун деб Гулистон тумани, Зарбдор МФЙ ҳудудидаги А.Темур фермер хўжалигига қарашли 370-А ва 370-контуридаги ер майдонидан 0,06 га ер майдони ажратилганлиги ҳақидаги қарорини қалбакилаштириб, ер майдонини 5.700 АҚШ долларига сотиб, пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишганлигини маълум бўлган.
Шу боис,
- фуқароларимиз фирибгарлар тузоғига илинмаслиги учун ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишини,
- ўз мулкини бегона шахслар қўлига ишониб топширмаслигини,
- ҳар қандай олди-берди муносабатини нотариал тартибда расмийлаштиришларини,
- ўзларига тегишли автомототранспорт воситаларини очиқ ҳолда қаровсиз қолдирмасликларини,
- эгнидаги кийимида бўлган мулкларига эҳтиёткор бўлишларини,
- шунингдек, ўғирлик жинояти қурбонига айланмасликлари учун ҳайвонлар, велосипедлар ва шу каби бошқа мулкларини хавфсиз жойда сақланишига ва қимматбаҳо буюмларини жамоат жойларида унитиб қолдирмасликларига алоҳида эътибор беришларини,
- шу билан бирга, атрофда бўлаётган ҳар қандай воқеа
ва ҳодисага бефарқ муносабатда бўлмасликларини, огоҳ ва хушёр бўлишларини сўраб қоламиз.
Шу ўринда, юқоридаги ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларга барҳам бериш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни жиловлашда барчамиз бирдек масъул эканлигимизни ҳам эслатиб туради.
Ҳурматли фуқаролар сизларни ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишга чорлаб қоламиз.