26 Сентябр 2025 йил 167

Гулистон шаҳрида аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган тунги хизмат фаолияти ўрганилди

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Гулистон шаҳрида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, фуқароларнинг осойишталигини сақлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб, бошқарма бошлиғи полковник Фарух Хайдаров шаҳар мутасаддилари ҳамроҳлигида Гулистон марказий хиёбонига ташриф буюрди. Ташриф давомида бошқарма бошлиғи хиёбонда аҳолига яратилган шароитлар, жамоат тартибини сақлаш, хиёбонга ўрнатилган видеокузатув камераларини ҳамда миллий гвардия назорат масканини кўздан кечирди. Мутасаддиларга аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва тавсияларини бериб ўтди.

Шундан сўнг бошқарма бошлиғи Гулистон шаҳар Қўриқлаш бўлимига ташриф буюриб, қўриқлаш пульти кўздан кечирилди. Ўрганишлар жараёнида корхона ва ташкилотларда, савдо масканларида ўрнатилган кузатув камералари ҳамда қўриқлаш пультига уланганлиги кўздан кечирилиб, содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш чора-тадбирлари юзасидан масъулларга тегишли топшириқларини бериб ўтди.

Жараён давомида Гулистон шаҳар ИИБда ташкил этилган фильтр гуруҳлари фаолияти билан ҳам танишиб ўтди. Унда алоҳида тоифадаги шахслар, жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган ҳамда жамоат жойида маст ва бемақсад юрган шахслар билан профилактик суҳбат ўтказди.

Гулистон шаҳрида олиб борилган тунги ўрганиш давомида, савдо марказларида жамоат тартибини сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда патруль гуруҳлари фаолиятлари ўрганилиб масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Бундан ташқари бошқарма бошлиғи Мирзаобод тумани ҳудудида жойлашган вилоят ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Махсус қабулхонаси фаолияти билан яқиндан танишилиб, у ерда бино ва ҳудуднинг тозалиги, сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар, тегишли иш ҳужжатлари кўздан кечирилди.

Вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган тунги фаолиятни ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech