22 Август 2022 йил 422

Фуқароларга доимий рўйхатга қўйиш учун my.gov.uz сайти орқали мурожаат қилиш имконияти яратилди

Республикамизнинг барча вилоятларида ҳозирда доимий рўйхатга олиш (прописка) бўйича онлайн хизмат йўлга қўйилди. Хизматдан фойдаланиш учун ONE ID ва электрон рақамли имзо калити талаб этилади.

Эндиликда янги манзилга кўчиб ўтишда доимий рўйхатга олиш учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига бориш шарт эмас.

Мазкур хизматдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳозирги кунда вилоятимиз аҳолиси томонидан Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги бўлинмаларига доимий рўйхатга олиш бўйича онлайн аризалар келиб тушмоқда ва ушбу йўналишда ҳам хизмат кўрсатилиб келинмоқда.

Хизматдан фойдаланиш учун my.gov.uz порталига ягона идентификация тизими (ONE ID) орқали кириш ва хизматлар рўйхатидан фуқаролик бўлимини танлаш лозим. Ундан сўнг, яшаш жойига доимий рўйхатга туриш хизмат тури танланади.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза беришда аризачи уй-жойнинг кадастр рақамини ва доимий рўйхатга қўйилаётган шахснинг ЖШШИРни билиши лозим.

Сўровнома шакли тўлдирилгач, тегишли равишда Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига юборилади. Фуқаро ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширилади.

Шундан сўнг, Ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан доимий рўйхатга олиниши ҳақида QR-CОDЕ билан ҳимояланган қайд варағини расмийлаштирилиб, ариза берувчига электрон тарзда юборилади.

Хизмат нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи (6000 сўм) миқдорида бўлиб, Ягона портал орқали хизмат кўрсатилганда дастлабки нархдан 10 фоиз арзондир.

Хизмат ярим автоматик тарзда амалга оширилади ва муддати бир кун. Бундан ташқари, хизматдан фойдаланиш учун ERI калит ҳам талаб этилади.

 Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech