17 Июл 2022 йил 392

БУЮК ЗОТГА ҲАВАС БИЛАН

Сардоба фожиаси куни эди. Бошқармага йиғилган барча ички ишлар ходимлари зудлик билан сув тошқинидан азият чеккан Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба туманларига юборилди. Ёш лейтенант Исломхон Каримовга Мирзаобод тумани Навбаҳор маҳалласига етиб бориш, оилаларни эвакуация қилишга кўмаклашиш, уларни моддий жиҳатдан қўлла-қувватлаш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Ислом топшириқни олдию, бир оз каловланиб қолди.ю У ҳаётидаги илк катта топшириқ ва масъулиятни қабул қилиб олаётганди. Сир бой бермай йўлга чиқди. Навбаҳорда уни нохуш манзара кутиб турарди. Аёллар, болалар йиғи-сиғиси, одамларнинг уёқдан-буёққа югуриши, тартибсизликлардан довдираб қолмай, бирпасда вазиятни қўлга олди. Ҳамкасблари билан бир неча соатда икки юздан ортиқ инсонларни эвакуация қилинишига эришди. Аввал аёллар ва болалар, кексалар фожиа жойидан узоқлаштирилди. Уларга ҳаммаси давлатнинг назоратида эканини айтиб тинчлантирди. Ҳукумат одамларни ташлаб қўймаслигини, уйи бузилганларга янги иморатлар қуриб берилишини айтию ўксик кўнгилларни кўтарди.

Унга Ўзбекистоннинг биринчи Президентининг исми қўйилган. Мактабда ҳам исми фамилияси айтилганида ҳамма унга ялт этиб бир қараб қўярди. Лейтенант Исломхон Каримов 1992 йил Гулистон туманида дунёга келган. Дадаси Шамсиддин ака 20 йилдан ошиқ вақт ҳуқуқшунос сифатида Сирдарё вилояти Гулистон тумани нотариуси лавозимида фаолият кўрсатган. Шу боис ёш Исломнинг қалбида болалигидан ҳуқуқ тартибот органларида ишлашга ҳавас уйғонди. Бу орзу уни бир лаҳза ҳам тарк этмади. Гарчанд, Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетини банк-молия йўналишида битирган бўлсада,Сирдарё вилояти ИИБ га ишга жойлашди. Бошқарманинг молия-моддий таъминот бошқармаси бухгалтери вазифасида сидқидилдан иш бошлади. 2022 йилнинг бошидан бери эса Бошқарманинг Маънавий-маърифий ишлар, кадрлар билан таъминлаш хизмати ижтимоий таъминот гуруҳи катта инспектори лавозимига ўтказилди.

Исломхон Каримов ходимларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг нафақат ўзининг хизмат вазифаси, балки бурчи деб ҳисоблайди. Биргина жорий йилнинг ўзида 7 нафар ходимга уй-жой шароитини яхшилаб олишлари учун 203 миллион сўм фоизсиз ссуда берилишига эришди. Шу каби 4 нафар ходимнинг оила аъзолари соғлиғини тиклаш учун 30 миллион сўм, хизмат вақтида саломатлигини йўқотган 7 нафар ходимга 45 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. 151 нафар узоқ масофадан келиб ишлаётган ходимларга эса ижара пуллари тўлаб берилмоқда. Инсоннинг бошида яхши ва ёмон кунлари бор. Ёш бўлсада Исломхон аримов буни яхши тушунади. ШУ сабабли тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда ёрдам сўраган 22 нафар ходимга 115 миллион сўм ёрдам кўрсатилди. Бу ишларнинг барчасида ёш, жонкуяр Исломхон Каримов бош-қош бўлди. Унинг орзулари бир дунё. Ҳали келажакда эл-юрт осойишталиги йўлидаги хизматларда улкан марраларни қўлга киритмоқчи.

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,

“Postda” мухбири

Сирдарё вилояти

Text to speech