11 Апрел 2022 йил 288

БУЮК АДИБ СИЙМОСИГА ЭҲТИРОМ

Жорий йилнинг 11 апрель куни “Маънавият ойлиги” доирасида ИИВ Сирдарё академик лицейида истиқлол фидойиси, миллий романчилигимиз асосчиси, машҳур ўзбек адиби Абдулла Қодирий таваллудининг 128 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирни академик лицей директори майор G'.J.Abdullayev очиб бериб, буюк адибнинг ноёб дурдона асарлари, нафақат ўзбек китобхонига, балки кўплаб туркий халқларга, шунингдек, дунё китобхонига ҳам яхши таниш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Академик лицейнинг моҳир педагогларидан бири Умматова Мавжуда дастлаб ўқувчиларга адибнинг ҳаёти ва ижоди бўйича қизиқарли викторина саволларини тақдим этди. Қизғин мунозараларга бой бўлган викторинадан сўнг, Абдулла Қодирий ижодий меросининг улкан аҳамияти ва келажак авлодни миллий қадриятларимиз,маданиятимиз,анъаналаримизга меҳр руҳида тарбиялашдаги муҳим ўрнини эътироф этди.

Шундан сўнг академик лицейнинг истеъдодли ва фаол ўқувчилари ижросида Абдулла Қодирий томонидан яратилган сермазмун шеърлар ёд этилиб, "Ўткан кунлар" ва "Меҳробдан чаён" романларидан саҳна кўринишлари намойиш қилинди.

Айниқса, “Ўтган кунлар” романидан ижро этилган саҳна кўриниши йиғилганларнинг қалбига Ватан озодлигининг нақадар буюк туйғу эканлиги, унинг нечоғли муқаддас тушунча эканлигини яна бир бора сингдира олди.

Тадбир якунида иштирокчиларга ва викторина ғолибларига лицей раҳбариятининг фахрий ёрлиғи ҳамда бадиий китоблар топширилди.

Text to speech