Бугунги китобхон лицей ёшлари – ички ишлар органларининг келажак кадрлари қиёфасини белгилаб берувчи етакчи кучидир
Китоб, аввало, ҳаётий мактаб, маънавият манбаи. У китобхонни ҳаёт билан таништиради, унда ҳаётни севиш, яшаш моҳиятини англаш ҳисларини тарбиялайди, она Ватанга, халқига садоқатли бўлиш туйғусини ўстиради. Бадиий адабиёт ўқиш орқали китобхоннинг бадиий идроки, мустақил фикрлаш қобилияти, мутолаа маданияти, Ватан тақдири учун жавобгарлик туйғуси тарбияланади.
Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ИИВ Сирдарё академик лицейида Сирдарё туман Ахборот-кутубхона маркази мутахассислари билан ҳамкорликда 1-босқич ўқувчилари учун «Ёш китобхон» тадбири бўлиб ўтказилди.
Ўқувчиларнинг дунёқарашларини улар келгусида ўз олдига мақсад қилиб қўйган касб эгалари каби шакллантириш асносида «Ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этиладиган адабиётлар рўйхати»да белгилаб берилган бадиий адабиётлар доирасида адибнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида жамоавий тарзда маълумот бериш, маълум асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб ундан монолог келтириш, асарлар доирасидаги тезкор блитс савол-жавоблар тарзида 3 та шарт бўйича ўтказилди.
Ҳакамлар сафидаги лицейнинг узоқ йиллик педагогик она тили ва адабиёт фани устозлари томонидан асар мазмун-моҳиятини ифода этишдаги камчиликлар, ўқувчи ёшлар нутқини янада равон қилиш йўллари ҳақида ўз маслаҳатларини бердилар.
Баҳс-мунозараларга бой бўлган тадбирдан олам-олам таассуротларга эга бўлган 101-гуруҳ ўқувчиси Абдунўмонова Дурдона шундай дейди: «Лицейимиз Ахборот-ресурс марказида «Ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этиладиган адабиётлар рўйхати» бурчаги ташкил этилганлиги биз ўқувчиларда мазкур адабиётларга алоҳида қизиқиш пайдо қилди. Мен ҳам ички ишлар органи ходимаси бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйган ўқувчи сифатида худди шу тизим ходимлари сингари фикрлашни хоҳлайман»
«Лицейимизда китоб мутолаасига қаратилган эътибор катта. Бўлажак ички ишлар органи ходимларининг айни вақтдаги дўсти бу-китоб.»- дея кўрик танловни ғолиблар қаторида якунлаган 103-гуруҳ ўқувчиси Дониёров Диёрбек ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Лицей раҳбарияти томонидан тадбир сўнгида 103-гуруҳ жамоаси ғолиб жамоа сифатида бадиий адабиётлар тўплами билан тақдирландилар. Келгусидаги китобхонлик тадбирларида Сирдарё туман Ахборот-кутубхона маркази мутахассислари билан бадиий асар тақдимотларини ўтказишга ва марказга экскурсия ташкил этишга келишиб олинди.