25 Октябр 2024 йил 5391

25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Санжар Джабаровнинг БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ҳурматли Ички ишлар органлари ходимлари! Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сизларни ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Вилоятимиз аҳолиси сизларни ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек улуғ ишига бағишлаган, қасамёдига содиқ инсонлар, деб билади ва машаққатли хизматингизни доим муносиб эътироф этади.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабабларини бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарликларни "маҳаллабай" ва "сохабай" муҳокама қилиш тизими жорий қилинди. Жиноятлар нисбатан кўп содир этилган маҳаллаларда ташкил этилган ҳуқуқ-тартибот масканларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг биргаликдаги фаолияти йўлга қуйилди. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни кенг тарғиб этиш ҳамда турли салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятимиздаги барча мактабларда инспектор-психолог лавозимлари жорий этилди ва бу ўзининг дастлабки ижобий самараларини бермоқда. Профилактика инспекторининг маҳаллада хоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликдаги фаолиятининг йўлга қуйилгани кўплаб ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш ҳамда хотин-қизларни зўравонлик ва турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш учун шароит яратмоқда.

Инсоннинг туғилган жойи хоҳ саҳро, хоҳ боғу-бўстон бўлсин ўзи учун Ватан деб номланган тупроқни ҳар томонлама обод ва озод асраш,  ҳимоя қилиш нақадар олий ва муқаддас бурч, балки ўз ўрнида шараф ҳамдир. 

25-октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни. Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишни олий саодат ва юксак ғурур деб билган, ўз ороми ва ҳаловатидан кечиб эл осойишталигини таъминлаётган соҳа ходимларини касб байрами билан муборакбод этамиз.

Турли хавф-хатарлар, мураккаб вазиятларга қарамасдан, зиммаларига юклатилган вазифаларни шараф билан бажараётган осойишталигимиз посбонларининг хизмати таҳсинга муносиб. Бу эса юрт фаровонлиги ва халқимиз тинчлиги йўлида фидокорона хизмат кўрсатишнинг энг олий намунасидир деб айтсак, муболаға бўлмас.

Ички ишлар идоралари ходимлари бор экан кунларимиз осуда, тунларимиз хотиржам. Сиз юртимизнинг бугуни ва эртасига, тинчлиги ва саодатига масъул қалқонларсиз. Сизнинг жасурлигингиз ва матонатингиз ёш авлод учун ибрат мактабидир.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ички ишлар тизимидаги ислоҳотларимизнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, биринчи навбатда, халқимиз ўзининг кундалик ҳаётида сезиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, фидокорона меҳнатингиз, Ватанимиз ва халқимизга садоқатингиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Яна бир бор Сизларни ички ишлар органлари ходимлари байрами билан самимий табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга файзу-барака, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Ҳурмат билан, 

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Санжар Джабаров

Text to speech