25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Санджар ЖАББОРОВнинг БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари! Муҳтарам фахрийлар!
Аввало, сизларни ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Вилоятимиз аҳолиси сизларни ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек улуғ ишига бағишлаган, қасамёдига содиқ инсонлар, деб билади ва машаққатли хизматингизни доим муносиб эътироф этади.
Барча ҳудудларимизда хавфсиз шароит яратиш, тинчлик ва осойишталикка қарши таҳдидларга тўлиқ барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги концепцияси ҳамда 2022-2025 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжатларга асосан илк бор хар бир туман ва шаҳарда фуқаролар хавфсизлигини ишончли таъминлаш бўйича 10 та давлат идорасининг ҳамкорликда ишлаш механизмлари ва вазифалари белгилаб берилди. Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилган замонавий иш услублари амалиётга татбиқ этилмоқда.
Жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабабларини бартараф этиш мақсадида ҳуқуқбузарликларни "маҳаллабай" ва "сохабай" муҳокама қилиш тизими жорий қилинди. Жиноятлар нисбатан кўп содир этилган маҳаллаларда ташкил этилган ҳуқуқ-тартибот масканларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг биргаликдаги фаолияти йўлга қуйилди. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни кенг тарғиб этиш ҳамда турли салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятимиздаги барча мактабларда инспектор-психолог лавозимлари жорий этилди ва бу ўзининг дастлабки ижобий самараларини бермоқда. Профилактика инспекторининг маҳаллада хоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликдаги фаолиятининг йўлга қуйилгани кўплаб ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш ҳамда хотин-қизларни зўравонлик ва турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш учун шароит яратмоқда.
Ички ишлар органларининг кундалик фаолиятини инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган холда ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти, қадр-қиммати ва мол-мулкини кибермаконда ишончли ҳимоя қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар асосида самарали методикалар ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Сизларни ички шилар ходимлари байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилангизга файзу-барака, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.