11 февраль – “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни”
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги 70-сессиясида 11 февраль – “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида расман эълон қилиниб, 2016 йилдан бошлаб мазкур сана дунёнинг кўплаб давлатларида кенг нишонланиб келинмоқда.
Шу муносабат билан Республика миқёсида “Илмли аёл-жамият кўзгуси” мавзусида ташкил этилган ҳафталик доирасида Гулистон туманида жойлашган “Нурли маскан” мактаб-интернатида зиёли аёллар иштирокида тадбир ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққанлар илм-фан, таълим, санъат, маданият ва бошқа соҳаларда ютуқларга эришган аёллар, юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган, халқаро кўрик-танловлар, олимпиадалар ғолиб ва совриндорлари бўлган, иқтидорли қизлар, олима аёллар ҳақида гапириб ўтдилар. Тадбир давомида Ички ишлар органларида хизмат қилиб, юқори натижаларга эришган, юксак мукофотлар билан тақдирланган, илмли, салоҳиятли аёл ходималар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Мазкур тадбир ўқувчи ёшларда ўзгача таассуротлар қолдириб, уларнинг илмга бўлган қизиқишларини янада ортишига замин яратди.