23 Март 2021 йил 416

Замон талабларига мос автотураргоҳ қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Хабарингиз бор, юртимизда олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида шаҳар ва туманларимиз кундан кун чирой очиб бормоқда. Юртбошимизнинг оқилона олиб бораётган сиёсати натижасида фуқароларимизнинг яшаш шароитлари яхшиланиб, бир қатор қулайликлар яратилмоқда.

Шу ўринда юртбошимиз вилоятга ташрифи чоғида барча соҳаларни ривожлантириш бўйича кенг кўламли режаларни белгилаб берган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳаллийлаштириш даражаси ва экспорт ҳажми ошди. Транспорт ва сервис инфратузилмаси ривожланиб, сайёҳлар оқими кўпайди. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган имкониятлар ишга солинди. Янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар бунёд этилди.

Ҳозирги кунда вилоятимиз маркази Гулистон шаҳри том маънода мегаполис шаҳарлардан бирига айланиб бормоқда. Бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари нафақат ҳудуд аҳолисига қулай яшаш шароитини яратмоқда, балки вилоятимизга ташриф буюраётган меҳмонларнинг ҳам ҳавасини келтираётир. Айниқса, кейинги йилларда кўкаламзорлаштириш, “яшил ҳудуд”лар барпо этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар таҳсинга лойиқ. 

Айни пайтда Гулистон шаҳрида 220 турдан ортиқ дарахт ва буталар мавжуд. Шаҳарни ободонлаштириш мақсадида баҳор ҳамда куз фаслларида оммавий равишда дарахт кўчатлари экилаётгани ҳам шаҳримиз чиройига чирой қўшаяпти.

Ушбу қилинаётган эзгу ишлар қатори бизни қийнаб келаётган айрим камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Барчамизга маълумки шаҳримиз ҳудудида автотураргоҳлар муаммоси жиддий масалага айланиб улгургани ҳеч кимга сир эмас.

Маълумки, йилдан йилга мамлакатимиз аҳолиси сони ва унга мос равишда автомашиналарнинг саноғи ҳам ошиб бормоқда. Бу эса автотураргоҳлар масаласини тезроқ ва тизимли тарзда ҳал этишни тақозо қилмоқда.

Автомобилда бирор жойга боришни режалаштирган бўлсангиз, рулга ўтирар-ўтирмас миянгизда бир савол чарх ура бошлайди: «Ишқилиб, борадиган жойимда «автотураргоҳ» бормикин?» деган савол туғилади.

Биргина мисол, Гулистон шаҳридаги Гулистон Давлат Университетининг кириш қисмида автотураргоҳ мавжуд. Ушбу автотураргоҳ ҳозирги кунда замон талабларига мос келмаслиги, ушбу автотураргоҳ торлиги, автомашиналар кундан кунга қўпайиб бораётганлиги боис олийгоҳга келсангиз автомашинангизни қаерга қўйишни ҳам билмай қоласиз. Шу мақсадда шаҳримиз кўркига кўрк ва талабалар ҳамда ишчи ходимларга қулайлик яратиш мақсадида Сирдарё вилояти ИИБ раҳбари ташаббуси билан олийгоҳнинг эски автотураргоҳи ўрнига Гулистон Давлат Университети ёнидаги бўш турган ердан унумли фойдаланишлик мақсадида Университет талабалари ва ходимлари учун замон талабларига мос автотураргоҳ барпо этиш режалаштирилди. Вилоят 3-сектор раҳбари ҳамда Гулистон шаҳар ҳокими билан ушбу бўш турган жойга ташриф буюришди. Сирдарё вилояти ИИБнинг кўмаги билан ушбу жойда замон талабларига мос равишда автотураргоҳ қуриш учун вилоят 3-сектори раҳбари ҳамда шаҳар хокими томонидан ҳудуд тўлиқ ўрганилиб, вилоят ИИБнинг тегишли мутасадди раҳбарларига топшириқлар берилди. Ушбу қурилиши режалаштирилган янги типдаги автотураргоҳ замонавий услубдаги видеокузатув мосламалари, ёритгичлар билан тўлиқ маъминланиши режалаштирилди. Умумий қилиб айтганда хавфсиз, фуқароларга қулай тарзда барпо этилади.

Бундай саъй-ҳаракатлар ҳудудни экологик жиҳатдан тоза, хавфсиз шаҳарга айлантиришдек эзгу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. 

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech