22 Декабр 2020 йил 461

Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 593-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом”, “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом” (2021 йил 1 январдан кучга киради) ва “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиб тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Мазкур норматив ҳужжат бўйича, Ўзбекистон Республикасига вақтинча яшаш учун келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни хусусий уй-жой, шунингдек корхона, ташкилот ва муассасалар тасарруфидаги ётоқхоналарда вақтинча яшаш жойлари бўйича рўйхатга олишда фақатгина қабул қилувчи корхона, ташкилот вакили ёки уй жой мулкдори (мулкдорлари) иштирокида амалга оширилади, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар МваФР бўлинмаларига таклиф этилмайди.

Эпидемия (пандемия) муносабати билан карантин жорий этилган ҳудудда вақтинча бўлиш (виза ва вақтинча рўйхат) муддати тугаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, уларни қабул қилган уй-жой эгалари ва мансабдор шахсларга нисбатан карантин муддати тугагунга қадар ҳудудда бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий чоралар қўлланилмайди (Ўзбекистон Республикасига кириб келиб вақтинча рўйхатдан ўтиш учун ўз вақтида мурожаат қилмаган шахслар бундан мустасно).

Доимий яшашга рухсатнома олиш учун мурожаат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ариза анкеталари вақтинча яшаб турган МФЙдан муҳр орқали тасдиқлаш (меҳнат фаолияти билан шуғулланаётганлар учун корхона ва ташкилотлардан тасдиқлаш бундан мустасно) тартиби бекор қилинди, ҳамда доимий яшашга қолишга рухсат берилганидан сўнг келаётган давлатлардан рўйхатдан чиққанликлари тўғрисида маълумотнома ёки “кетиш варақаси”ни талаб қилинмайди.

Доимий яшашга рухсатнома олиш учун мурожаат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан туғилганлик ҳақидаги, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги, ўлим ҳақидаги гувоҳномалар (агар ушбу гувоҳномалар Ўзбекистонда берилган бўлса) ҳамда кадастр ҳужжатлари талаб қилинмайди.

Қўшимча тарзида шуни айтиш жоизки республикамиз ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг доимий яшаш манзилларини ўзгартиришда ҳам бир қанча қулайликлар яратилди.

 Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси.

Text to speech