22 Феврал 2021 йил 422

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳаммамизга маълумки, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш энг асосий устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти - «Биз “Адолат – қонун устуворлигида” деган тамойил асосида жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишларимизни жадал давом эттирамиз. Бу борада ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун аввало, маҳалла имкониятларидан кенг фойдаланиш, профилактика инспекторларининг иш самараси ва масъулиятини ошириш, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитини яратиб бериш чораларини кўришимиз даркор»- деб такидлаб, мазкур йўналишдаги вазифалар нақадар долзарблигини кўрсатиб берди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2017 йилнинг 9 февраль куни ички ишлар органлари ходимлари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни – “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилинди.

Шу асосда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” тадбирини самарали ва натижали ташкил этилишида жамоатчилик вакиллари ва барча мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилиши тўғрисида 2017 йил 14 март куни "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2833-сонли қарор қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан 4 та идоралараро комиссия, жумладан, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил қилинди.

Сирдарё вилояти ИИБ да комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ўтган давр мобайнида комиссия томонидан олиб борилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан комиссия ишчи органи раҳбари томонидан сўз борди.

2020 йилнинг март ойидан юртимизда карантин карантин эълон қилинганлигига қарамасдан, вилоят ва унинг ҳудудий идоралараро комиссия аъзолари томонидан бир қатор профилактик чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, 2020 йилнинг 12 ойи давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир жами 64 та турли даражадаги дастурлар ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Ҳисобот даврида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари мунтазам равишда таҳлил қилиб борилиб, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 954 та тақдимномалар киритилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикасини ташкил этиш бўйича 2.147 маротаба тадбирлар ўтказилиб, шундан 689 таси илгари судланган шахслар ўртасида ўтказилган тадбирларни ташкил этди.

Ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси доирасидаги ўтказилган профилактик суҳбатлар 17.860 тани, расмий огоҳлантирилганлар 23.644 нафарни, профилактик ҳисобга олинган шахслар 8.867 нафарни, маъмурий назоратга олинган шахслар 304 нафарни ташкил қилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг виктимологик профилактикаси тадбир-лари 231 тани ташкил қилиб, тадбирлар давомида 168 нафар ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчи бўлиб қолиш эҳтимолида бўлган шахслар рўйхатга олиниб, 63 та ҳуқуқбузарликлар тез-тез содир бўлиб турадиган жойлар аниқланди.

Ҳисобот даврида ўтказилган бир қанча ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тадбирлари натижасида ижобий кўрсаткичларга эришилганлигига қарамасдан, бу борада бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилди.

Жумладан, Вилоят комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудий комиссиялар фаолияти қарор талаблари асосида ташкил қилинмаганлиги, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ҳамда комиссия аъзолари ўртасида етарли ҳамкорлик ўрнатилмаганлиги, ҳудудий идоралараро комиссиялар ва ишчи органлар раҳбарлари ўзларининг комиссия фаолиятидаги етакчилик, ташкилотчилик ролига бефарқ қараб келаётганликлари оқибатида комиссия етарли даражада фаолият олиб бормаяпти, шунингдек режалаштирилаётган тадбирлар аксарият ҳолларда ички ишлар, прокуратура, маҳалла, адлия, суд, божхона  органлари томонидан олиб борилиб, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан сусткашликка йўл қўйилаётганликлари таъкидланиб ўтилди. Йиғилиш танқидий рухда ўтди.

Йиғилиш сўнгида комиссия аъзолари томонидан 2021 йилнинг 1 ярим йиллигига асосий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни ҳамкорликда самарали йўлга қўйиш лозимлиги белгилаб олинди.   

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси ишчи гуруҳи

Text to speech