Ҳурматли Сирдарёликлар! Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятига пропискадан чиқиш тартиби 2020 йилнинг 1 сентябридан соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг 22 май кунидаги “Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 28 декабрдаги 1049-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 320-сон қарори асосида республикамиз ҳудудида прописка тизими бир қатор соддалаштирилди. Унга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2020 йилнинг 1 сентябрь кунидан қуйидаги тартиблар амалга киритилади:
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;
- Доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш бир кун ичида расмийлаштирилади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;
- Ҳарбий хизматга мажбурларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилинади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароси солиқ органларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этганда, уни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишда
уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.
Содда қилиб айтганда, 2020 йилнинг 1 сентябридан Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудларига доимий рўйхатдан чиқмоқчи бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари рўйхатдан чиқиш учун вилоятдаги манзилларига мурожаат қилмасдан тўғридан-тўғри доимий рўйхатдан ўтмоқчи бўлган шаҳар ва туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига мурожаат қиладилар.
Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси