7 Сентябр 2020 йил 399

Тестга киришда абитуриентларнинг бармоқ излари ҳам текширилади.

Бу йил олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларида абитуриентлар бармоқ изларини текшириш орқали ҳам назоратдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Руслан Забиров маълум қилди.

Назорат ўтказиш пунктларида бармоқ изи орқали шахсни аниқлаш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда абитуриентларни шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Бундай ҳолатлар аниқланганда абитуриент ўрнига имтиҳон топширишга келган шахсларга қонунчилигимизда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Тест синовлари ўтказиладиган объектлар ва уларнинг атроф-ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш билан биргаликда шубҳа туғдирган абитуриентларни бармоқ изларини олиш учун мўлжалланган махсус сканер қурилмаси ёрдамида уларнинг бармоқ излари орқали шахсини аниқлаш механизми ишлаб чиқилган. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим” деган сўзлари фикримизга яққол мисол бўла олади. Бу тизим тест синовлари ўтказишда ошкоралик ва шаффофлигини таъминлаш – кириш имтиҳонлар ўтадиган ОТМ ҳудудида бегона шахслар ҳозир бўлишининг олдини олади.

Тест имтиҳонларига бир абитуриент ўрнига бошқа шахс киришининг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида жойлашган “Гулистон шаҳар марказий ўйингоҳи” ҳамда Гулистон шаҳар БЎСМ ўйингоҳи”нинг кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлари ташкил этилган. Ушбу жойларда юзни таниб олувчи камералар ўрнатилиб бу камералар орқали имтиҳонга абитуриент ёки бошқа шахс келганлигига аниқлик киритилади. Ушбу камераларда абитуриентнинг шахси унинг фотосурати орқали аниқланмаган ҳолларда, Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимлари томонидан бармоқ изларини олувчи сканер қурилмаси ёрдамида абитуриентнинг шахсига аниқлик киритилади.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги тест синовлари очиқ майдонларда 2 сентябрь санасидан бошланган.

 Сирдарё вилояти ИИБ М ва ФРБ

Text to speech