31 Январ 2025 йил 3421

“Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича ҳарбийлаштирилган таълим йўналишига ўқишга қабул қилиш бошланди

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича ҳарбийлаштирилган таълим йўналишига 2025/2026-ўқув йили учун ўқишга ҳужжат топшириш истагида бўлган, Сирдарё вилоятида доимий рўйхатда туриб, яшаб келаётган, ёши ўн еттидан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаслиги (муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаган ёши йигирма олтидан катта бўлмаган) умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал маълумотга эга фуқаролар, жорий йилнинг 1-феврал кунидан 1-март кунига қадар Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматига мурожаат этишлари мумкин. Бунда, эркак номзоднинг бўйи 165 сантиметрдан, аёл номзоднинг бўйи 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги талаб этилади.

Номзодлар жорий йилнинг 1-февралидан 1-мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон платформасида ҳарбийлаштирилган таълим йўналишига https://my.uzbmb.uz  рўйхатдан ўтишлари лозим.

Академиянинг “тергов фаолияти” йўналиши бўйича кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш, тенг ҳуқуқлилик принсиплари ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:

1) дастлабки танлов;

2) махсус психологик танлов;

3) ёзма имтиҳон (диктант);

4) тест синовлари.

Академия “Тергов фаолияти” йўналишида бакалавриат дастури бўйича таълим олиш муддати уч йилни ташкил этиб, битирувчиларга белгиланган давлат намунасидаги диплом берилади.

Ўқитиш ўзбек ва рус тилларида, давлат грантлари асосида ташкил этилади. Давлат грантлари асосида ўқишни тамомлаган Академия бакалавриатининг битирувчиларига ваколатли давлат органларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.

Академия битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.

Қўшимча маълумот учун: Ўқишга қабул қилиш бўйича Телеграмдаги гуруҳга аъзо бўлинг. Ҳавола: https://t.me/TV_HMQA_2025 

Маълумот учун телефон рақамлари: 97-777-65-65, 97-494-85-41

Манзил: Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, Навоий шох кўчаси, 199-уй (Динамо спорт мажмуаси).

Мўлжал: ("Стоматология маркази" ёнида)

Text to speech