Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 26 декабрь куни Сирдарё вилояти ИИБда Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Жамоатчилик кенгаши раиси, Маҳмудов Равшанбек кириш сўзи билан очиб, кун тартибига қўйилган масалалар билан кенгаш аъзоларини таништирди.
Шундан сўнг, Бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи - Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби подполковник Достонбек Шамсидинов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январь кунидаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–10-сон қарорига мувофиқ, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини тизимли равишда амалга ошириш ва жамоатчилик билан ҳамжиҳатлик руҳида ишлашни таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг 2023 йил 11 март кунидаги “Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи талаблари ва ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар келтириб, жамоатчилик кенгаши аъзоларининг янгиланган таркибини йигилиш иштирокчиларига ўқиб эшиттирди.
Шунингдек Д.Шамсидинов Бошқарма Ахборот хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 май кунидаги ЎРҚ-369-сонли “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сонли “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, шунингдек жамоатчилик кенгаши олдига қўйилган вазифалар ижроси юзасидан 2024 йилнинг ўтган 11 ойи давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар бериб ўтди.
Бундан ташқари йиғилиш давомида, Бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Қаҳрамон Шерматов томонидан Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари тизимида ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни таъминлаш ҳамда ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Ўз навбатида, жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан жамоатчилик кенгашининг жорий йилнинг ўтган давридаги фаолияти таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунлангандан сўнг тадбир иштирокчилари учун кофе-брейк ташкил қилинди. Шу билан бирга жамоатчилик кенгаши аъзолари Бошқармада ташкил этилган кутубхона фаолияти ва "Аждодлар изидан авлодлар" музейи билан танишиб чиқдилар.