Сирдарё вилоятида фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бериш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.м
Барчамизга маълумки, Муҳтарам Президентимизнинг фармонлари асосида фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилмоқда.
2016 йилнинг декабрь ойидан бошлаб шу кунга қадар Президентимиз томонидан имзоланган 65 та фармонларга асосан Сирдарё вилояти бўйича 1.527 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниб, уларга паспортлар расмийлаштириб берилди.
Бундан ташқари, 2020 йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кириши, унинг 6, 45-моддалари ва 55-моддасининг 1-банди жорий йилнинг 1 апрелидан амалга киритилиши белгилаб қўйилди.
Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 6-моддасида, ушбу қонун кучга киргунга қадар Ўзбекистон Республикасида фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси билан яшаб келаётган ва чет давлат фуқаролигини олмаган, республикамиз ҳудудида 1995 йилнинг 1 январигача доимий рўйхатдан ўтган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тан олиш тартиби киритилган.
Маълумот учун айтишимиз мумкинки, Сирдарё вилояти ҳудудида 9 мингга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий истиқомат қилади. Шулардан, 3000 мингдан ортиғи республикамиз ҳудудига 1995 йил 1 январь санасига қадар кириб келган ва доимий рўйхатдан ўтган.
Бугунги кунда ушбу тоифа шахслардан тегишли ҳужжатлар қабул қилиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, кўп сонли фуқаролиги йўқ шахслар учун йиллар давомида орзу қилинган кунлар етиб келди ва ушбу шахсларга Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари томонидан босқичма-босқич Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари расмийлаштириб бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси