3 Ноябр 2020 йил 599

Сирдарё вилоятида доимий яшовчи фуқаролиги йўқ шахслар диққатига!

Энди Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишининг асосий шартларидан бири давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши асосий шартлардан бири ҳисобланади.

Маълумки, 2020 йилнинг 13 март куни “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинган бўлиб, у жорий йилнинг 13 сентябрь кунидан кучга кирган ва республикамизнинг барча вилоятларида ушбу Қонуннинг моддалари ижросини таъминлаш борасида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари ходимлари томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунининг 19-моддасида чет давлат фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни мамлакатимиз фуқаролигига умумий тартибда қабул қилишининг асосий шартларидан бири сифатида улар давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши лозимлиги кўрсатилган.

Мазкур қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ушбу низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш, Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов асосида амалга оширилади. Имтихон талабгорнинг доимий ёки вақтинча турар жойи бўйича Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.

Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига шахсан талабгорнинг ўзи ёзма ёки электрон шаклда мурожаат этади. Ариза асосида синов имтихони тегишли ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг 1 ой муддатда тест, ёзма ёки оғзаки шаклларда ўтказилади.

Синов имтиҳони якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизи (50 балл) тўплаган талабгор синов имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади. У синов имтиҳони ўтказилган кунидан бошлаб 1 ойдан кейин қайта қатнашиш учун ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Фақат бунинг учун қайта тўловни амалга ошириш керак. Тўлов суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизини ташкил этади.

Синов имтиҳонлари 3 кун муддатда эълон қилиниши белгилаб қўйилган. Шу синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади ва ушбу ҳужжат муддатсиз амал қилади.

Мурожаат қилиш учун манзил: Гулистон шаҳри 4-мавзе, Гулистон давлат университети Маънавият ва маърифат маркази биносининг 2-қавати, 21-хона. Марказнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Қобил Кўбаев.

Боғланиш учун телефон рақами: +99894-354-86-67

 Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech