15 Январ 2021 йил 656

Сирдарё вилоятида доимий яшовчи 49 нафар фуқаролиги йўқ шахсларга давлат тилини билиш даражаси тўғрисида сертификатлар топширилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 март куни “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишининг асосий шартларидан бири, яъни 19-моддасида давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билиши асосий шартлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан, Сирдарё вилоятидаги фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш мақсадида 2020 йилнинг 25декабрь куни “Давлат тилида иш юритиш асосларининг ўқитиш ва малака ошириш маркази Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси” биносида тест синовлари ўтказилган ва ушбу тест синовларининг якуний натижаси бўйича 2021 йилнинг 13 январь куни ушбу мажмуада 49 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларга сертификатларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Бугунги кунга келиб Сирдарё вилояти ҳудудида доимий яшовчи 172 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар сертификатларга эга булди.

Мазкур тадбирда ҳудудий бўлинма, Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят хокими маслаҳатчиси ҳамда марказ раҳбарлари иштирок этди. Унда сўзга чиққанлар сертификат олишнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат эканлиги, шунингдек, мазкур сертификатнинг амал қилиш муддати чегараланмаганлиги, республикамиз ҳудудида истиқомат қилаётган барча фуқароларда ушбу ҳужжатнинг бўлиши зарурлиги тўғрисида тушунчалар берди. Шундан сўнг ҳудудий бўлинма раҳбари Қ.Кўбаев ва Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Усманов ва вилоят хокими маслаҳатчиси М.Хайитовлар томонидан сертификатларни ўз эгаларига топширилди.

Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмасига мурожаат қиладиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳар ойда имтиҳонлар ўтказилиб, мана шундай тантанали равишда сертификатлар топширилиши таъкидлаб ўтилди.

Мурожаат қилиш учун манзил: Гулистон шаҳри 4-мавзе, Гулистон давлат университети Маънавият ва маърифат маркази биносининг 2-қавати, 21-хона. Марказнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Қобил Кўбаев.

Боғланиш учун телефон рақами: +99894-354-86-67

Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech