1 Июн 2021 йил 339

Сирдарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ўртасида “Энг яхши спортчи оила”спорт мусобақаси ўтказилди

“Динамо” жисмоний тарбия-спорт жамияти Сирдарё вилояти кенгашининг 2021 йил учун мўлжалланган оммавий спорт тадбирларини ўтказиш тақвим-режасига асосан, жорий йилнинг 1 июнь куни Сирдарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ўртасида “Энг яхши спортчи оила” спорт мусобақаси ўтказилди.

Ўтказилган мусобақада, Сирдарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг оила аъзоларидан таркиб топган жамоалар “Арқон тортиш”, “Югуриб келиб тўсиқлар орасидан ўтиб саватга тўп ташлаш”, “Тўсиқлар орасидан футбол тўпини ўтказиб дарвозага йўллаш”, “Теннис ракеткаси устидаги коптокчани тўсинлар орасидан ўтказиб жамоа аъзосига етказиб бериш” ва  “Югуриб келиб умболоқ ошиб, тўсиндан айланиб қайтиб келиш” шартлари бўйича ўзаро баҳс олиб боришди.

Мусобақа кескин ва муросасиз тарзда ўтди. Мусобақанинг якуний натижаларига кўра,  фахрли 1-ўрин вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходими 1-даражали сержант Жалмуканов Кенгизбай Солиевичнинг оила аъзоларидан иборат жамоага, 2- ўрин Сирдарё вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди гуруҳ командири катта лейтенант Аманбаев Элёр Азамкуловичнинг оила аъзоларидан шакллантирилган жамоага ҳамда 3- ўрин Сирдарё вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари майор Мухторов Жахонгир Талатовичнинг оила аъзоларидан таркиб топган жамоага насиб этди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совринли ўринларни қўлга киритган спортчи оилалар “Динамо” жисмоний тарбия-спорт жамияти Сирдарё вилояти кенгашининг диплом, медал ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

  Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech