Сирдарё вилояти ИИБ Сардоба фожеаси бўйича фуқароларимизни огоҳликка чақиради!
Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади. Бинобарин, инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади. Лекин, айрим кимсалар хайр-саховат, меҳр-оқибат ниқоби остида шундай ишлар қиладиларки, разиллик, тубанлик бундай кимсаларни қон-қонига сингиб кетган. 2020 йил 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган тошқиндан жабр кўрган фуқароларга бутун ўзбек ҳалқи ёрдамга ошиқди. Лекин ушбу офатни ниқоб қилиб қўштирноқ ичида саховат пеша фуқароларимиз ҳам топилмоқда. Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан жорий йилнинг 8 май куни сув тошқини оқибатларини ўрганиш ва норасмий манбалар томонидан асослантирилмаган маълумотларнинг тарқатилишини аниқлаш бўйича ижтимоий тармоқларда олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида “Диққат ҳайрия – Сардобада уй қурамиз” деб фуқаро Д.Ж номига “Davrbank”дан очилган пластик картасига 2020 йилнинг 02 май кунидан 08 май кунига қадар 41 679 708 (қирқ бир миллион олти юз етмиш тўққиз минг етти юз саккиз) сўм миқдоридаги пул маблағлари йиғилганлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича суруштурув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Айрим ижтимоий тармоқларда асослантирилмаган маълумотлар орқали ҳайрия қилинг, уй қурамиз, ёрдам берамиз деб бонг ураётган айрим фирибгарларга ишониб қолманг.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати