Сирдарё вилояти ИИБ Пробация бўлимида назорат остида турган шахслар билан кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳузурида жорий йилнинг 26 апрель куни ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Пробация бўлимида назорат остида турган шахслар билан шаҳар-туман ИИБ мутасаддилар томонидан профилактик суҳбатлар олиб бориб, уларнинг турмуш шароити ва оилавий аҳволи билан танишилди.
Ҳақиқатдан ҳам, бугун аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини эътибордан асло четда қолдириб бўлмайди. Ҳукуматимиз томонидан берилган имконият туфайли ўз уйида, фарзандлари ва оиласи бағрида жазо муддатини ўтаётган фуқароларимизга ушбу синовли кунларда кўмак берилмас экан, эртага улар орасидан яна қайси биридир қайта жиноят содир этмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ваҳоланки, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, Ички ишлар органлари олдига қўйилган асосий ва долзарб вазифадир.
Сирдарё вилояти ИИБ Пробация бўлими ва шаҳар-тумани ИИБларнинг масъул ходимлари томонидан назорат остида турган 993 нафар шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, унда қайта жиноят содир қилмаслик, жазо ўташ тартиб қоидаларига риоя қилиш тўғрисида профилактик тушунтириш ишлар олиб борилди.
Бундан ташқари, назорат остидаги шахсларнинг турмуш шароити ўрганилиб, уларга баҳорнинг илиқ кунларидан фойдаланиб, ўз томорқаларидан унумли фойдаланиш, мавжуд ер майдонига турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиб, улардан яхши даромад олиш мумкинлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ушбу профилактик тадбирлар вилоят бўйича давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати