21 Ноябр 2020 йил 324

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи Оқолтин туманида навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.

Бугунги кунда халқ билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди.

Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Шу маънода, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Ш.Мавлянов ҳамда вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Оқолтин туманида фуқаролар билан уйма-уй юриш орқали навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.

Тадбирда туман сектор раҳбарлари, корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари иштирок этди.

Оқолтин туманининг Андижон ва Кўркам-Диёр маҳаллаларида аҳолининг қийнаб келаётган муаммолари юзасидан уйма-уй юриш орқали ўрганилиб  чиқилди. Ўрганиш жараёнида Андижон маҳалласидаги асосан фуқаролардан қишга кўмир билан таъминлаш, суюлтирилган газ балонларини вақтида қайта тўлдириб келтириб бериши, маҳаллага бериладиган ун махсулотларини 6 тоннага ошириш, иш билан таъминлаш ва истиш мосламалари билан таъминлаш каби масалаларда мурожаатлар келиб тушди.

Жумладан, Андижон маҳалласи Анорли кўчаси, 3-уй, 4-хонадонда яшовчи фуқаро Эргашева Хабиба ҳозирда вақтинча ишсиз бўлганлиги ва бир фарзандини турмуши бузилиб уйига қайтиб келганлиги ҳамда боқувчиси бўлмаганлиги сабабли маҳалла худудидаги дўкондан 1 млн сўм қарзини тўлаб беришида ва уйини иситиши учун 1 та истиш печи олиб беришни сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди.

Бундан ташқари Мадрахимова Дилором анча йиллардан буён юрак касаллиги билан уйида ётиб қолганлиги ва даволаниши учун шароити йўқлиги сабабли даволанишида ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати сектор раҳбари томонидан 3 кунлик муддат ичида Сирдарё вилояти юрак касалликлари диспансерида даволаниши учун жойлаштирилиши хақида керакли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилиб ижобий ҳал қилинди.

Кўркам-диёр маҳалласида яшовчи Хабибуллаева Доно анча йиллардан буён сурункали касаллик билан оғриб келаётганлиги учун даволаниб чиқишига керак бўладиган йўлланмани олиб беришини сўраб мурожаат этди. Сектор раҳбари томонидан ушбу мурожаат юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига топшириқ берилиб, 3 кунлик муддат ичида йўлланма берилиши айтиб ўтилди.

Сайёр қабул жараёнида яна бошқа шу каби ижтимоий муаммолар аниқланиб уларни ҳам ҳал қилиш бўйича тегишли муттасадди ташкилотларга топшириқлар берилиб сектор раҳбари томонидан назоратга олинди.   

Ҳалқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимиз равнақига, унинг янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг тинч, осуда, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.

Бундай сайёр қабуллар вилоятимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech