23 Ноябр 2020 йил 285

Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг фарзандлари учун эртак-спектакль ташкил этилди

Фарзанд кулгуси ҳар бир ота-она бахтининг мевасидир. Унинг тарбияси жамият ва мамлакат келажаги ҳамда равнақи учун муҳим омил ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир соҳа ходими ўзининг оиласига, фарзандларига доимо эътибор бериши унинг меҳнат фаолиятидаги самарадорликни таъминлаши алоҳида таъкидланган.

Бу борада Ички ишлар органларида ходимларнинг оила аъзолари ва фарзандларига алоҳида эътибор ва ғамхўрлик қилиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор амалий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг дам олиш кунларини оиласи ва фарзандлари билан мароқли ҳамда сермазмун ўтказиш мақсадида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбариятининг ташаббуси билан ходимларнинг фарзандларига Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси томонидан Қандиёр Рустамовнинг қаламига мансуб “Сирли китоб” номли эртак спектакль намойиш этилди.

Мазкур эртак спектаклда болалик даврининг энг гўзал онлари бўлмиш қувноқлик, беғуборлик, кулгу-табассум, ҳар бир нарсага қизиқиш каби туйғуларни ўзида мужассам этган мактаб ўқувчиси “Солижон” ва унинг дўстлари эртаклар оламига саёҳат қилганлиги тасвирланиб, ёвузлик ва эзгулик, яхшилик ва ёмонлик каби тушунчалар болалар дунёқарашига мос равишда етказиб берилди.

Ташкил этилган мазкур эртак спектакль болалар учун бир олам қувонч, кулгу-табассум, завқ ва бетакрор онларни тақдим этди. Бу каби маънавий ва маърифий тадбирлар келгусида ўсиб келаётган ёш авлодни ўз ота-онасига, ватанига муҳаббатини, меҳрини, садоқатини мустаҳкамлайди.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech