21 Декабр 2020 йил 308

Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимлар учун спектакль ташкил этилди

Инсон ва қадрият уйғунлигини ўз асарларида ҳамиша ёнма-ён тасвирлаб, воқелик руҳиятини инсон қалби ва онгига нозиклик билан жойлаб ижод қилган қардош қирғиз халқи адиби Чингиз Айматовнинг “Сарвиқомат дилбарим...” номли асари асосида илк бора Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг серқирра ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган спектаклнинг премьераси Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари ходимлари учун намойиш этилди.

Фарзанд бу бахтиёр оиланинг мевасидир. Асарнинг бош қаҳрамонлари “Илёс” ва “Асал” ҳамда уларнинг фарзанди “Самадбек” нинг аччиқ тақдирида инсон ҳаёти ва меҳнат фаолиятида оила, инсонпарварлик ва фарзанд қувончи каби пок туйғуларнинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўриш мумкин.

Ўз навбатида ҳаётнинг ёрқин томонлари билан ёнма-ён юрадиган тубанлик, нафс ва ҳирс, хиёнат каби туйғулар инсон ҳаёт йўлини издан чиқариб, жамиятда ўз ўрни йўқолишига сабаб бўлиши ушбу спектаклнинг бош қаҳрамони “Илёс” нинг тимсолида ёрқин гавдаланган.

Бугунги кунда ички ишлар органларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан биргаликда ходимларни маънавий-маърифий, ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб қувватлаш, уларнинг оиласини ўрганиш, яшаш турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бир қатор амалий тадбирлар билан биргаликда ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини мана шундай маънавий озуқа олишга ҳам кенг шароитлар яратиб берилмоқда.

Ташкил этилган бу каби маънавий ва маърифий тадбирлар келгусида ходимларни янада инсонпарварлик, ватанга, оилага муҳаббат ва садоқат руҳида хизмат олиб боришини таъминлайди.

Text to speech