5 Ноябр 2020 йил 348

Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходималар ва ишчи хизматчи аёллар билан учрашув ўтказилди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлиги борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 02 сентябрь куни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-562-сон Қонуни, 2020 йил 16 майда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Ички ишлар органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан Сирдарё вилояти ИИБнинг 2020 йил 17 июнь кунидаги “Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши фаолитини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи билан “Маслаҳат кенгаши” ташкил этилган.

Шу боис Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат олиб борувчи ходималар ва ишчи хизматчи аёллар иштирокида “Маслахат кенгаши”нинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, ИИВнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда “Гендер тенглик” тамойилларига таяниб фаолият юритадиган “Маслаҳат кенгаши”нинг вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кенг тушунчалар берилиб, унинг келгусидаги фаолияти ва амалга оширилиши лозим бўладиган чора-тадбирлар дастури белгиланди.

Шунингдек, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда намунали хизмат олиб бораётган, вилоят ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, ходимларнинг саломатлигини мухофаза қилиш ва ички ишлар органларининг санитария-эпидемиологик осойишталигини, карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ишларида жонбозлик кўрсатган, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилинган аёл ходималар ва ишчи хизматчиларнинг меҳнати Вазирлик ва бошқарма раҳбарияти томонидан муносиб равишда рағбатлантирилиб келинаётганлиги, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида рахбарлик лавозимларида хизмат қилаётган аёллар сони ортганлиги алоҳида таъкидланди.

Келгусида бу каби йиғилишларни тез-тез ўтказиш, сохада хизмат қилувчи аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди. Йиғилиш сўнггида аёллар томонидан уларнинг сохадаги фаоллигини янада оширишга қаратилган турли фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech