Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган аёл ходималар билан семинар - тренинглар ўтказилди.
“Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди”.
Шавкат Мирзиёев
Инсоният азал-азалдан хотин-қизларга алоҳида ҳурмат, эътибор қаратган. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аксарияти ҳам аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз сиёсий ҳаётида фаоллигини оширишга қаратилган. Ҳозирги пайтда фаол хотин-қизларимизни давлат ва жамоат ташкилотларида, сиёсий рартияларда, илғор тадбиркорлар қаторида, олиму шоиралар сафида истаганча учратиш мумкин. Жумладан, ички ишлар органларида хизмат қилиб, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги, эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этиб, эркаклар билан елкама-елка фаолият олиб бораётган хотин-қизларимиз ҳам анчагина. Бугун тизимдаги хотин-қизларга бўлган эътибор, яратилаётган имкониятлар уларни янада фаол бўлишларига замин яратмоқда.
Ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёллар нафақат давлат идораси ходимаси, балки уйда оила бекаси, фарзандларининг онаси, ёш авлод тарбиячиси ҳам ҳисобланади. Шу сабабли, Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган хотин-қизларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш, соғлиғини мутмаҳкамлаш, оилада, ишда, жамиятнинг ҳар бир соҳасида фаол бўлишларини таъминлаш мақсадида тизимда хизмат қилаётган аёллар билан турли соҳа вакиллари, малакали мутахассислар ўртасида учрашув ва давра суҳбатлари, турли семинар ҳамда тренинглар ўтказиш режалаштирилган. Шундай семинар - тренинглардан бири жорий йилнинг 6 февраль куни Сирдарё вилояти ИИОда хизмат қилаётган аёллар билан шифокор ҳамда психологлар ўртасида бўлиб ўтди.
Семинарда дастлаб РИО ва РИАТИ Сирдарё вилоят филиалидан ташриф буюрган малакали шифокорлар томонидан аёлларда учрайдиган турли онкологик касалликлар, белгилари, аломатлари, даволаш усуллари, уларнинг олдини олиш ҳақида маълумотлар, тиббий маслаҳат ва тавсиялар бериб ўтилди.
Семинарда аёллар муҳим маълумотлар, тавсияларга эга бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Семинар қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.
Шундан сўнг Гулистон Давлат университетидан таклиф этилган малакали психолог-тренир томонидан аёлларга касбий мулоқот, фаолиятда юзага келадиган турли зиддиятларнинг олдини олиш, уларда ўзига бўлган ишонч, ҳурмат туйғуларини юксалтириш, ҳар соҳада фаол бўлишлари учун зарур психологик тавсия ва маслаҳатлар бериб ўтилди.
Ўтказилган турли хил психологик тренинглар натижасида аёллар оилада, касбий фаолиятда зарур бўлган психологик тавсиялар, маслаҳатларга эга бўлдилар.
Семинар сўнгида аёллар малакали мутахассисларга ўз миннатдорчиликларини билдириб, келгусида ҳам бу каби учрашувлар, давра суҳбатларини тез-тез ўтказиб туриш бўйича ўз таклифларини баён этдилар.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга ижтимоий-маънавий кўмак бериш, ҳар соҳада фаол бўлишларини таъминлаш борасидаги ишларимиз давом этади. Зеро, “Аёл - муқаддас мўжиза”дир.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати