Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 31 март кунидаги “Ички ишлар органлари тизимида “Заковат” интеллектуал ўйинларини ташкил этиш тўғрисида”ги 96-сонли буйруғи ҳамда Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг 2021 йил 18 апрель кунидаги “Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинларини ўтказиш тўғрисида”ги 59-сонли буйруғига асосан жорий йилнинг 28 май куни Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида илк маротаба “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди.
Ушбу “Заковат” ўйинларини ўтказишдан асосий мақсад Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб бориш, бу борада билимли ва салоҳиятли ходимларга иқтидорини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиш, уларни муносиб равишда рағбатлантириш, шунингдек, ходимларда илмни қадрлаш, билим олишга интилиш каби тушунчаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинларида 18 та жамоа иштирок этди. Зукко, билимдон ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган йигит-қизлар Заковат савол-жавобларида ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Ташкил этилган ушбу ўйин ҳақиқий Заковат беллашувидан мутлақо фарқ қилмади.
Муросасиз, ҳаяжон билан қизғин ўтган Заковат ўйинида Мирзаобод тумани ИИБнинг зукко ходимлари 1-ўринни, Сирдарё тумани ҳамда Сирдарё вилояти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни эгалладилар. Ғолиб жамоалар бошқарма бошлиғининг қимматбаҳо совғалари ҳамда китоблар тўплами билан тақдирландилар.
Ташкил этилган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар бундан кейин ҳам давом этиб, ҳар бир ходимни ватанига, халқига ва оиласига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлаб, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч” эканлигини ҳис қилган ҳолда ҳалол хизмат олиб боришини таъминлайди.
Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси