Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари томонидан беғараз донорлик акцияси ўтказилди.
Қон бу ҳаёт, инсон тириклигининг асосидир. Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларга ёрдам бериш мақсадида аҳоли орасида беғараз донорлик фаолиятини ташкил этиш, қон маҳсулотлари заҳираларини янгилаб бориш кўзда тутилган.
Республикамизда коронавирус инфекциясига (COVID-19) карантин чеклов даврида ташкилотлар, корхоналар фаолиятининг тўхтатилиши, транспорт қатновларининг чегараланиши, фуқаролар ҳаракатининг чекланиши натижасида потенциал донорлар сони кескин камайган. Бу ўз навбатида қон маҳсулотлари заҳираларининг камайишига ҳамда беморларга шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишда муаммолар юзага келишига олиб келмоқда.
Шу сабаб ҳам ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир.
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда шаҳар-туман Ички ишлар бошқарма ва бўлимлари ходимлари томонидан “Эзгулик албатта қайтади” шиори остида ҳайрия донорлик акцияси ўтказилди.
Сирдарё вилояти қон қуйиш станциясида ўтказилган “Эзгулик албатта қайтади!” шиори остидаги беғараз донорлик акциясида турли касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қон алмаштиришга муҳтож бўлган бемор болаларга ёрдам кўрсатиш, ҳаётга қайтишларига кўмак бериш ҳамда соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юздан ортиқ ички ишлар ходимлари ихтиёрий равишда қон топширишди.
Сидарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати