Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси доимий эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 март кунидаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6196-сон фармонининг асосий мақсади ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ҳамда маиший шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган.
Шу муносабат билан ички ишлар органлари ходимларининг турар-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борада ишларни ўз вақтида самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2021 йил 08 июнь куни “Ички ишлар органлари ходимларини уй-жой билан таъминлаш ва яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 190-сонли буйруғи қабул қилинган.
Мазкур буйруқ ҳамда Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг 2021 йил 30 июнь кунидаги "Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари ҳудудий уй-жой маиший комиссияси ҳамда хизмат ва ижара уй-жойларини аҳволини, шунингдек, фоизсиз қарз сўраган ходимларнинг яшаш шароитларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш тўғрисида"ги 101-сонли буйруғи асосида бугунги кунда Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари ҳудудий уй-жой маиший комиссияси ҳамда Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат ва ижара уй-жойларини аҳволини, шунингдек фоизсиз қарз сўраган ходимларнинг яшаш шароитларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда мазкур комиссия ташаббуси билан Сирдарё вилояти Ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган 131 нафар ижарада турган ходимлар рўйхатлари шакллантирилиб, шундан 42 нафар мурожаат қилган ходимларнинг яшаш шароитлари ўрганилди ва жорий йилнинг июль ойида 32 нафар ходимларга ижара пули компенсацияси тўлиқ тўлаб берилаётганлиги тўғрисида маиший уй-жой комиссияси томонидан сертификатлар топширилди.
Шунингдек, бугунги кунда 10 нафар ходимнинг яшаш шароити ва оила аъзолари ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, ушбу ходимларга ҳам ижара пули компенсацияси тўлаб бериш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари маиший комиссия томонидан ходимлар орасида уй-жой таъмирлаш ва қурилиш учун фоизсиз қарз сўраган, ипотека кредити асосида уй олиш учун мурожаат қилган ходимлар ҳужжатлари жадаллик ва шаффофлик билан ўрганиб чиқилмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси