19 Июн 2020 йил 492

Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат фаолиятини олиб бориш жараёнида ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этилишини олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Сирдарё вилоят прокуратурасида вилоят ички ишлар органлари тизимида қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат фаолиятини олиб бориш жараёнида ножўя ва номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этилишини олдини олишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда ҳозирги кунда ички ишлар органлари томонидан юртимизда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этилди.

Шу билан бирга, сўнгги вақтларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шу жумладан, ички ишлар органларининг фаолияти жамоатчилик кузатуви остида бўлаётганлиги, ушбу соҳада хизмат ўтаётган ходимлар фаолияти билан боғлиқ турли воқеа ва ҳодисалар интернет тармоқларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ Андижон вилоятида содир бўлган ҳолатлар, бундан аввалроқ Қашқадарё вилоятида бўлган салбий ҳолатлар ҳақида тўхтатилиб, келгусида Сирдарё вилоятида бундай салбий ва ноҳуш ҳолатларга йўл қўймаслик кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, вилоят ички ишлар органлари тизимида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, суриштирув, тергов ва тезкор-қидирув фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш, ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ фаолиятида ходимларнинг ножўя хатти-ҳаракатлар содир этишини олдини олиш юзасидан чоралар кўрилиши белгилаб олинди.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида вилоятимиздаги криминоген вазият таҳлил қилиниб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, профилактика тадбирларини кучайтириш, ҳудудларда “обод маҳалла – хавфсиз маҳалла” мезони асосида ишларни ташкил этиш, маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари ва бошқа идоралар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари танқидий муҳокама қилинди.

Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси

Text to speech