Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси республикада биринчилардан бўлиб “Отам, онам ва мен-спортчилар оиласи” спорт мусобақасини бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 октябр кунидаги “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг тадбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиққан ҳолда, Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси республикада биринчилардан бўлиб “Отам, онам ва мен-спортчилар оиласи” спорт мусобақасини бошлаб берди. Мусобақа аввалида вилоятимиздаги барча ташкилот, корхона, ҳуқуқни муҳофоза қилувчи идоралари ўртасида ўтказилган нуфузли спорт беллашувларида фаҳрли биринчиликни қўлга киритган соҳа ходимлари тантанали равишда тақдирланди. Мазкур мусобақа ички ишлар тизимида хизмат қилаётган шахсий таркибнинг “Қул жанги”, “Мини футбол” борасидаги тайёргарликларини яна бир карра синовдан ўтказди.
Сўнг навбатдаги спорт мусобақасининг ўтказилишига старт берилди. Шахсий таркиб ҳамда уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадларини ўзида мужассам этган қизғин жараёнда қатнашчилар 5 та шарт асосида куч синашди.
“Отам, онам ва мен-спортчилар оиласи” мусобақаси ички ишлар ходимларининг жисмоний тайёргарликларини синовдан ўтказибгина қолмай, уларнинг фарзандларини ҳам спортга бўлган қизиқишларини оширишда муҳимлиги билан ёдда қоларли бўлди. Ғолиб жамоаларга совғаларнинг топширилиши келгусида ўтказиладиган қизғин беллашувлардаги иштироки учун замин ҳозирлади дейиш мумкин.
Тадбир якунида Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан спорт анжомлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Спортни оммавийлаштириш борасидаги бу каби мусобақалар вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати