27 Ноябр 2021 йил 412

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари учун китоб ярмаркаси ташкил этилди.

Азалдан инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб келаётган, уларни билимли, тарбияли қилиб, касб-ҳунар ўргатиб, комиллик ва яхшиликка етакловчи муҳим омил – бу китобга дўст бўлишдир. Дарҳақиқат, инсонга китобдан қимматли дўст йўқ. Айниқса, ёшларнинг ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, эзгуликларга ундайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, ҳусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу орқали маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир.

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни ходимларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида китоблар ярмаркаси ўтказилди. Китоблар ярмаркасида ходимлар билим савиясини ошириш, ватанга бўлган муҳаббати ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида Ички ишлар вазирининг 400 сонли буйруғи билан тасдиқланган ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этилган 39 турдаги бадиий адабиётларни олиш имконияти яратиб берилди.

Ташкил этилган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ҳар бир ходимни ватанига, халқига ва оиласига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлаб, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч” эканлигини ҳис қилган ҳолда ҳалол хизмат олиб боришини таъминлайди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

Text to speech