25 Феврал 2021 йил 334

САРДОБА – ВАТАН ИЧРА ЯНГИ ЧАМАН!

Ўша кеча ҳам осмонда ой дераза пардасидан мўралаган кўйи эртак айтиб уларни аллалади. Бир ажойиб кеча, бир ширин уйқу, бир ажойиб тонг! Юраги ниманидир сезгандек ура бошлаганида, қулоғига қандайдир безовта товушлар чалинганида тонг оқариб келарди.

  • Абдуҳаким, ҳооов Абдуҳаким! Туринглаааар! Омбор ёрилибди! Сув тошаяпти, бола-чақангни жонини қутқар!

Ҳайқириқдан чўчиб чиқса, қўшниси Зулҳайдар ака қия очиқ дарвозадан нари-берисида турибди! Унинг  жон ҳолатда айтган сўзларидан карахт ҳолга тушди. Бир лаҳза ўзини йўқотди. Қанақа омбор? Қанақа сув? Кейин эса миясига яшин тезлигида келган фикрдан сесканиб кетди! Тўғон ёрилибдида! Энди нима бўлади? Наҳот, оиласи билан сувга ғарқ бўлса! Улгуриш керак!

Тезда уйга кириб,қичқирди!

Жон ҳолатда кенжасини тўшакдан суғуриб олди!  Қайтасолиб, дарвоза олдида турган “Нексия”ни ичига отдида, уни ўт олдирди. Онаси... Муштипаргина Бегим момонинг ранги ўчган! У неварасини бағрига босиб машина томон шошибкеларди. Хотини икки нафар уйқусираган болалари билан орқа ўриндиққа тиқилди. Вақт тиғиз эди. Кўча оломонга тўлиб кетган, ким дуч келган уловга миниб уй-жойини ташлаб қочарди. Ҳеч кимнинг кўзига мол -дунёси кўринмасди.  Машинани учириб йўлга тушди. Ўнқир-чўнқирликда “Нексия” силкиниб кетар, лекин бунга эътибор бериладиган пайт эмасди. Изиллаб кетган машиналарнинг тезлиги ниҳоятда баланд. Тўсатдан машина товуши ўзгарди. Шундагина йўлни сув босаётганини сезиб қолди. Ғилдираклар сувни ёриб шовиллар, ҳар лаҳза бир йилдек ўтарди гўё. Нега имиллаяпман? Нега тезлашиб кетолмаяпман? Оёғи газ тепкисини жони борича эзғилар, машина эса ўкирар, йўл эса унинг назарида унмасди. Бир пайт зовурнинг нариги томондаги далага кўзи тушди. Далани тўлиқ сув босган, йўл ёқалаб ўтган катта зовур тўла эди.Хаёлида битта фикр чарх урарди:

  • Улгуриш керак, улгуриш!

 Шу кетганича Гулистонга етганидагина хаёли жойига келди.

Кулфат миллатни бирлаштиради. Офат миллатни уйғотади! Сардоба тўғони атрофидаги қишлоқларда вертолётлар чарх урар, ҳарбийлар, кўнгиллилар, қалбида шу ватанга, шу халққа дахлдорлигини ҳис қилган инсон борки ёрдамга ошиқиб келганди.Тезкор чора-тадбирлар натижасида Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 28 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Шу заҳотиёқ Сардобага халқнинг етакчиси етиб келди. Унинг юз-кўзларидан чуқур ташвишни илғаш қийин эмасди.Президент халқ яна бир синовга дуч келганини, уни мардона, биргаликда енгиб ўта олишимизни айтиб одамларни руҳлантирди. Бу жуда катта гап эди! Ҳеч бир жабр кўрган инсон, оила эътибордан четда қолмаслиги, вайрон бўлган хонадонлар тикланиши, янгилари қурилишини айтиб барчани тинчлантирди. 

Дунёда ўзбекдек мард миллат йўқ! Чархпалак дунёда ўзбекдек аҳил, жипс, доно, кўпни кўрган элни бошқа яратилмаган! Бу юртнинг бир четини ёв босса (худо асрасин) бошқа четидагиси ўз қишлоғини ёв босгандек жангга отланади. Эртакнамо бу диёрнинг бир четини сув босса, бошқа четидаги хонадонда яшайдиган жўмард ўзининг ҳовлисини сув босгандек ташвишга тушади. Ўша юртдошинининг ғам-ташвишига шерик бўлиб бор-будини, саховатини аямайди. Ўша кунларда бутун юрт бўйлаб юк ортган уловлар карвони Сирдарёга ошиқди. Олис Андижоннинг Қўрғонтепасидаги жажжи қизалоқ ўзининг энг яхши кўрган қўғирчоғини Сардобадаги тенгдошига юборганини эшитган инсоннинг қалби ларзага тушмасдан қолмади. Хоразмлик ёшулли ҳажга деб атаган пулларини Мирзаободда уйи вайрон бўлган оилаларга йўллади. Фарғонада номаълум шахс Сардобага деб саховат кўмаги йиғаётган комиссияга бир неча ўн минг долларни йўллади. Ўша кунлар ўксиган қалбларнинг юпанчига қўшилиб миллатнинг ғурури ҳам тоғдек юксалди.

Юртбошининг даъвати билан бутун республиканинг қурилиш карвонлари Сардобага қараб йўлга чиқди. Ўша кунларда Сардоба Ўзбекистонга, Ўзбекистон Сардобага айланди. Нафақат Ўзбекистонга, балки уйғонган, елкасини кўтараётган янги Ўзбекистонга!  Ўзбекистон Президенти ўша кунларда тошқин туфайли жабр кўрган уйларни қайта тиклаш, ҳовлиларни замонавий кўринишга келтиришга барча ресурс, куч-ғайрат аялмаслигини айтиб, тегишли топшириқ берди. Лекин кўпгина хонадонларни тиклашнинг мутлақо иложи йўқ эди. Буни тўғри тушунган Президентимиз Мирзаобод туманининг “Ҳақиқат”, Сардоба туманининг “Дўстлик” маҳаллаларида Тошкентдагидек замонавий, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланган кўпқаватли уйлар барпо этишни таклиф қилди. Бу таклиф асосида Буюк Британиялик етакчи архитекторлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа маъқулланди. Бунда ер ости сизот сувларининг яқинлиги, тупроқ-иқлим шароити эътиборга олинди. Қурилишни кузги ёғин-сочин давригача якунлаш вазифаси қўйилди. Қишнинг совуқ кунларига қолмасдан уйсиз қолганлар янги уйларда яшашни бошлашлари керак эди. Учта йирик компания тиним билмай қурилиш ишларини бошлади.

Иккинчи тарафдан ҳар бир вилоятнинг фидиоий қурувчилари ўзига тақсимлаб берилган ҳудудларда таъмирлаш, тиклаш-ободонлаштириш ишларини кечаю-кундуз давом эттирарди. Сув ўзи билан қўшиб лойқа оқизиб келган, омон қолган уйларнинг ичи салкам ярим метр лойқа билан тўлганди. Ишни лойни чиқаришдан бошлашди. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳалок бўлган уй ҳайвонларини топиб кўмишар, шу тариқа санитария муҳитини яхшилашга ҳаракат қилинарди. Тошқин симёғочларни йиқитган, лотокларни суриб бир неча чақирим нарига олиб бориб ташлаган, йўлларни ювиб кетганди. Буларни тиклаш ишлари ўз-ўзидан бўлмасди. Бульдозерлар, эксковаторлар, автомашиналар ва бошқа қудратли техникалар тиним билмасди.

Ўша кунларда ички ишлар органлари ходимлари ҳам тиним билмади. Вилоятнинг брча гўшаларидан мобил гуруҳлар Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларига ташланди. Улар аҳолини эвакуация қилиш, жамоат тартибини сақлаш, эгалари эвакуация қилинган хонадонларни қўриқлаш, кўчирма қилинган оилаларнинг ҳолидан хабар олиш, ўрни келганида тозалаш, ободонлаштириш ишларида ҳам фаол бўлишди. 

Ҳисоб-китоблар ниҳоятда ташвишланарли эди. Фавқулодда вазият оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида 2 минг 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган эди. Шунингдек, 1 минг 781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. 70 та ижтимоий объект, 20 минг гектарга яқин экин майдони, 828 километр йўл, электр, газ, ичимлик сув, алоқа тармоқларига талафот етди.

Хом ғиштдан қурилган иморатлардан тўрт-беш шифер, ёғоч қолган бўлса, бетондан тикланган коттеджларга деярли ҳеч нарса қилмаган эди. Президент топшриғига кўра бундай эски, замон талабидан ортда қолган уйларни таъмирлашда янгича ёндашилди. Бетон уйлар қишда салқин, зах, ёзда иссиқ бўлгани учун яшаш учун ноқулай. Таъмирлашда буни эътиборга олишди. Уйларнинг девори, поли базальт, иссиқлик сақловчи изоляцион қопламалар билан қопланди. Поли, шифти энг замонавий услубда жиҳозланди.

  • Ўша кунлар биз учун ниҳоятда улкан синов бўлди, – дейди. Мирзаобод тумани, “Ҳақиқат” маҳалласида истиқомат қилувчи Абдукарим Элиев. – Бор-будимиздан айрилгандик. На кўрпа-тўшак, на мол-ҳол, на уй-жой. Барини сув балоси ямлаб кетди. Биласизми инсон учун мол-дунё шунчаки ҳою-ҳавас эканининг ўша кунларда чуқур ҳис қилдим. Қалбимизда юпанч бор эди: Жонимиз омон қолдику! Бола-чақам омонку! Худо ризқимизни берар! Шундай ҳам бўлди. Атрофдаги одамларнинг ҳайриҳоҳлиги, сахийлигини биз кутмагандик. Ўша кунларда ажойиб бир миллатнинг фарзанди эканимдан ғурурландим. Мамлакатимиз Президентининг ғамхўрлиги тўғрисида қанча гапирсак шунча кам. Ҳар бир оилага маиший техника воситаларининг ажратилиши, 40 миллион сўмдан компенсация тўланиши, кўпқаватли уйларнинг бепул қуриб берилиши Президентимизнинг ниҳоятда элпарварлигига исбот бўлди.

Президент ҳудуддаги шароитни нафақат олдинги ҳолатга қайтариш, балки уни янада яхшилаш, аҳолинининг яшаши учун янада қулай қилиш, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш вазифасини қўйди. Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган эди.Хусусан, Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида 1480 хонадондан иборат 37 та, Мирзаобод туманидаги “Ҳақиқат” маҳалласида эса 1160 хонадонли 29 та кўпқават уй барпо этилди.  Бу чўл деб қараладиган, эътибордан четда қолган ҳудуд учун мисли кўрилмаган ўзгариш бўлди.

Кузга келиб эса шахсан Президентимизнинг ўзи мана шу уйларни техноген фалокат оқибатларидан жабр кўрган оилаларга топширди.  Бу ҳудудга ташриф буюрган инсон пойтахтдагидек кўркам, замонавий, ҳар томонлама қулй, олдида спорт, болалар ўйингоҳлари мавжуд, янги мактаб ва боғчасига эга бўлган шаҳарни кўриб ҳайратга тушади.

  • Мени уйим ҳам тошқин сабабли қайтариб бўлмас ҳолатга келган эди, – дейди шу ҳуддудда истиқомат қилувчи Бахтиёржон Мирзаев. – Президентимиз ташаббусига кўра барпо этилган кўпқаватли уйлардан менга ҳам насиб этди. Қувончим чексиз. Бунақасини фақат орзу қулиш мумкин эди. Давлатимизга, халқимизга ўз ташаккуримни билдираман.

Мирзаобод туманидаги Ҳақиқат маҳалласидаги кўпқаватли уйлар ўз номига монанд “Янги Ўзбекистон” деб аталди. Том маънода ҳам шундай. Бу ҳудудга ташриф буюрган инсон Ўзбекистонимизнинг энг олис ҳудудларини худди шундай келажак кутаётганини ҳис қилади.

Мухтасар айтганда, Президентимиз бошчилигида Ўзбекистонимиз халқи томонидан эл бошига иш тушганида кўрсатилган бундай ирода, саховат, меҳр-мурувват, бунёдкорлик намуналари тарих саҳифаларида муҳрланди. Зотан не-не синовлардан мардона енгиб чиқа олган бу элнинг иродаси таҳсин ва эътирофга муносиб.

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,

“POSTDA” мухбири Сирдарё вилояти

Text to speech