Сардоба туманида карантин давридаги чеклов ва кучайтирилган тартиб-қоидаларни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга чек қўйилмоқда.
Бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган коронавирус пандемияси даврида бор куч ва имкониятлар ушбу инфекцияга қарши курашиш, инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳаётини асрашга қаратилмоқда. Тобора жиддий тус олаётган ҳозирги вазиятда дунёда ва мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олини олишга қаратилган кескин чоралар кўриб борилмоқда.
Вазиятнинг қанчалик жиддий ва таҳликали эканини ҳис қилмаслик, аввало ўзини, яқинларини, қолаверса, бошқаларнинг саломатлигини хатарга қўйиш ҳам бугунги қалтис кунда энг катта жиноятдир. Шу боис юртимизнинг барча ҳудудларидаги каби Сардоба туманида ҳам санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, пандемияга қарши курашиш ва карантин қоидаларига риоя этилиши устидан Ички ишлар бўлими, Йўл-патруль хизмати, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бўлими ва Санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимлари томонидан қатъий назорат ўрнатилган.
Айтиш жоизки, карантин бошланганидан буён Сардоба тумани ҳудудида ўтказилаётган рейдлар, назорат тадбирлари давомида масъулликни ҳис қилмаётган, белгиланган чекловларга эътиборсиз қараётган ва мақсадсиз кўчада юрган фуқаролар учраётгани жуда ачинарли. Карантин қоидаларини бузиб, ўз яқинлари ҳаётини хатарга қўяётган бундай шахсларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан белгиланган тартибда маъмурий чоралар қўлланилмоқда.
Кўрилаётган чоралардан кўзланаётган асосий мақсад фуқароларимизни карантин даврида тартибга чақириб, коронавирус касаллиги тарқалиб кетишининг олдини олишдир. Фуқароларимизга имкон қадар уйда қолишлари кераклиги, кўчаларда бемақсад ва ниқобсиз юришлари мумкин эмаслиги такрор-такрор тушунтирилса-да, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳали-ҳамон содир этилмоқда. Дунё бўйлаб коронавирусдан ўлим даражаси кундан кун кўпаймоқда. Бу офатга қарши даво топилмаётган ҳозирги пайтда инфекция тарқалишининг олдини олишда бирдан-бир самарали восита бу карантиндир. Шу сабабли юртдошларимиздан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.