13 Апрел 2021 йил 72

ОТ ИЗИНИ ТОЙ БОСАР

Эндиликда Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларида ўқувчиларни ички ишлар органларига касбий йўналтириш, уларнинг чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган фанлар бўйича билимларини ошириш, ўқувчилар ўртасида спортни кенг тарғиб қилиш, интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган жисмонан соғлом ўқувчиларни тарбиялаш мақсадида ҳар йили март ойида вазирлик Академиясида “Ҳуқуқшунослик” фан олимпиадаси, апрель ойида тегишли академик лицейларда “Жалолиддин Мангуберди авлодлари” спартакияда мусобақаси ўтказиб борилади.
Жорий йилда ИИВнинг Қорақалпоқ академик лицейи мезбонлик қилувчи мазкур спартакияда мусобақасига тизимдаги бошқа академик лицейлар сингари ИИВ Сирдарё академик лицейи ўқувчиларидан ташкил топган жамоа ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Низомга кўра спартакияда спортнинг кўп кураш, енгил атлетика ва мини-футбол турлари бўйича ташкил этилади.
Жорий йилнинг 10 апрель куни мини футбол бўйича ИИВ Сирдарё академик лицейи ўқувчилари жамоаси ҳамда ўтган йилнинг декабрь ойида спортнинг ушбу тури бўйича 104 та терма жамоа орасида фахрли 1-ўринни қўлга киритган Сирдарё вилояти ИИБ терма жамоаси ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил қилинди.
Қизғин курашларга бой бўлган биринчи таймда ҳисоб тенглашиб, натижа 3:3 билан якунланди. Иккинчи таймда тажриба устун келиб, катта авлод вакиллари фойдасига ҳал бўлди. Умумий ҳисоб 6:4.
Шундан сўнг Сирдарё вилояти ИИБ терма жамоаси ўйинда йўл қўйилган камчиликларни таҳлил қилиб, ёш спортчиларга ўзига хос мастер класс машқларини намойиш қилишди ҳамда 20-24 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтадиган спартакияда омад тилашди.
Учрашув якуни бўйича жамоаларга диплом ва эсдалик совғалар тақдим қилинди.

ИИВ Сирдарё академик лицейи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech