Муаммо ва ечим. Қабул давомида муаммоларга ечим топилди.
Жорий йилнинг 18 май куни тасдиқланган режа асосида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида бошқарма бошлиғи полковник Санжар Джабаров фуқароларнинг сектор ва ички ишлар органлари фаолияти ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига доир мурожаатларини қабул қилди.
Қабул жараёнида 15 га яқин фуқаролар, юридик шахслар ва уларнинг қонуний вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиниб, суриштирув ва тергов соҳасига доир, сектор фаолияти ва бошқа масалаларда қилинган мурожаатлари тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирокида бирма-бир кўриб чиқилди.
Асосий эътибор, мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун иш юритувига олинган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарларига бажариш муддатлари аниқ белгиланган кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ҳар бир мурожаатнинг ижроси алоҳида назоратга олиниб, мурожаатлар ечими юзасидан ариза муаллифларига белгиланган муддат ва талаблар асосида жавоб хатларининг юборилиши тушунтирилди.
Бу каби қабуллар орқали аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш юртдошларимизнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати