“Мирзаобод туманида чорва моллари ўғирланмоқда” танганинг иккинчи томони аслида вазият қандай.
Сардоба тумани ҳудудида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши натижасида сув тошқини натижасида зудлик билан “Мурожаатлар қабул қилиш маркази” ташкил этилиб сув тошқини натижасида талофат етган ҳудудлар истиқомат қилувчи фуқаролардан келиб тушган хар қандай хабарлар қабул қилиниб келинмоқда.
Бироқ, эл бошига шундай ташвиш тушган бир пайтда айрим носоғлом фикрга эга бўлган фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда, қолаверса, аҳоли орасида турли норасмий маълумотлар, ёлғон хабарлар, жумладан, Мирзаобод туманида фуқароларнинг мол-мулки, чорва моллари талон-тарож бўлаётганлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Энг ачинарлиси хозирда чет-эл давлатларида бўлиб турган фуқароларимиз томонидан ҳам ушбу хабарларни билиб билмай тарқатилаётганлигидир. Лекин шу вақтга қадар фуқаролар томонидан ИИБга ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган. Маълумот ўрнида, фалокат юз бериб, аҳолиси эвакуация қилинган ҳудудлар ички ишлар органлари томонидан тўлиқ назоратга олиниб, хавфсизлиги таъминланмоқда. Инкор этиб бўлмайди, ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида оғилхоналарда боғланган ҳолда қолган ёки сув тошқини орқали чиқиб кетиш имкони бўлмаган жойларда қолган 3743 та чорва моллари нобуд бўлган.
4274 чорва моллари хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб ўз эгаларига топширилмоқда. Хозирда Мирзаобод туманинг Навбахор маҳалласи беда майдонида 200 дан ортиқ чорва моллари Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўриқловга олинган. Чорва молларини йўқотган (ўғирлатган) фуқароларимиздан ушбу манзилдан келиб чорва молларини олиб кетишларини сўраймиз.
Маълумот ўрнида чорва моллари сақланаётган майдонда тўсиқ постлар ташкил қилинган. Мазкур постда чорва молларини олиб кетаётган ҳар бир юк машинаси ва пиёдалар назоратдан ўтказилиб, ушбу мулк айнан шу фуқарога тегишли эканлиги синчиклаб ўрганилиб, жараён фото ва видео тасвирга олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнгина чорва моллари ўз эгаларига қайтарилмоқда. Бу орқали чорва моллари ва бошқа нарса-буюмлар туман ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилишининг олди олинаяпти.
Ушбу синовли кунлар Сирдарё аҳлини янада бирлаштирди. “Бирмиз, биргаликда енгамиз!” деган ҳайқириқ умумхалқ ҳаракатига айланди. Қўшни вилоятлардан, чегарадош ва хорижий давлатлардан гуманитар ёрдамлар келиб турган бир пайтда асл Сирдарёликлар ўз халқига, унинг молига, мулкига, омонатига хиёнат қилмайди, аксинча, уни кўз қорачиғидек асрайди. Сирдарёликлар ана шундай ҳамжиҳат, ана шундай оқибатли халқ.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.