10 Апрел 2020 йил 921

Маст ҳолатда майда безорилик қилишнинг оқибати 15 сутка маъмурий қамоқ билан якунланди.

Барчамизга маълумки мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил 4 апрель санасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 2020 йилнинг 6 апрель кунидан эътиборан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилган эди.

Қўштирноқ ичидаги қахрамонимиз Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бешбулоқ МФЙда яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро Ш.Д. 2020 йил 09 апрель куни соат 16:45 ларда карантин қоидаларини бузиб, маст ҳолатда майда безорилик содир қилганлигини аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ ходимлари томонидан фуқаро Ш.Дга нисбатан Ўз.Рес МЖтКнинг 54 моддаси 2-қисми, 183-моддасига асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган хужжатларга асосан Гулистон туман маъмурий суди томонидан 15 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шу ўринда савол туғилади эндигини 20 баҳорни қарши олган бу йигитни карантин қоидаларидан хабари йўқмиди? Яқинлариничи? Шундай синовли кунларда ҳар биримиз елкама-елка туриб бирлашишимиз керак эмасми?

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтган бир сутка давомида карантин қоидаларини менсимасдан, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсинмай майда безорилик билан боғлиқ 13 та холат аниқланди. Уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди. Энди бу 13 нафар фуқароларимиз Ички ишлар органлари ходимларининг назоратида панжара ортида 15 сутка давомида карантин қоидаларига амал қилишади.

Бу каби қўштирноқ ичидаги қахрамонларимиз ва уларнинг яқинларига айтар гапимиз. Агар ўзингиз ва яқинларингизга сизнинг соғлиғингиз керак бўлмаса ҳалқимизнинг соғлиғи, тинчлиги-омонлиги биз учун керак!

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

 

 

Text to speech