10 Октябр 2021 йил 2098

Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат!

Кекса авлод вакилларини қадрлаш, ҳурматлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган азалий қадриятларимиздан биридир. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27-сентябрь кунидаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 816-сонли қарори ҳам юртимизда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, уларнинг жамият, оила ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёш авлодни халқимиз анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш бобидаги ролини оширишга қаратилган. Ушбу қарорга асосан, ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси «Кексалар ҳафталиги» этиб белгиланганлиги халқимизга хос меҳр-оқибат, катта авлодни эъзозлаш, уларнинг ҳаёт йўлини ўрганиш орқали ёш авлодга ибрат мактабини тараннум этувчи тадбирлар кўламини оширишга хизмат қилади.

Жорий йилнинг 9-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Сирдарё академик лицейи директори майор Ғ.Ж.Абдулланев бошчилигида бир гуруҳ лицей ўқувчилари томонидан «Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат!» деган бош ғоя остида марҳум ички ишлар органи ходими сержант Абдухаликов Ғайрат Одилжоновичнинг бугунги кунда ёлғиз қолган волидаси Маърифатхон ая ва фарзандлари ҳолидан хабар олинди.

Бугунги кунда 70 ёшдан ошган, 2-гуруҳ ногирони бўлган Маърифатхон ая марҳум ўғлидан ёдгор бўлган 2 нафар набираларини тарбиялаб вояга этказмоқда. Албатта, халқимиз Ватанимизга хизмат қилиб қурбон бўлган фарзандларини асло унутмайди. Онахон ҳам давлатимиз томонидан ҳамиша эътибор бериб келинаётганидан мамнун. Лицей вакилларининг бугунги ташрифидан ҳам хонадон соҳибларининг боши кўкка этди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган инсонларни қадрлаш, кексаларни эъзозлаш, меҳр-оқибат ҳақидаги шеър ва қўшиқлар йиғилганларда чуқур таассурот қолдирди. Онахон лицей раҳбарияти ва ўқувчи ёшлар томонидан кўрсатилган эътибордан кўзларига ёш олиб, бундай ғамхўрликдан чексиз миннатдор эканликларини изҳор этиб, меҳмонларни дуо қилдилар.

Бундай тадбирларни ташкиллаштириш ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. ИИВ Сирдарё академик лицейида бундай тадбирларни нафақат «Кексалар ҳафталиги» доирасида, балки йил давомида ўтказиб борилади. Узоқ ҳаёт йўлини босиб ўтган қариялар ҳолидан хабар олиш ёш авлод учун ўзига хос ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Илоҳим, кексаларимизнинг дуога очилган қўллари асло толмасин, дуогўй отахону онахонларимиз соғ-омон бўлиб, узоқ йиллар тинч ва фаровон юртда давру даврон сурсинлар!

Text to speech