25 Май 2021 йил 539

Кечиримлилик халқимизга хос фазилат.

Жорий йилнинг 11 май кунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги ПФ-6225-сонли Фармонига асосан Республикамизда истиқомат қилувчи 88 нафар ҳамда жазо муддатини ўтаётган 12 нафар чет эл фуқаролари афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди, бир сўз билан айтганда, 56 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди. Шунингдек, 44 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйларига қайтган ҳамюртларимиз орасида 1 нафар Сирдарёлик ҳам бўлиб, уларнинг оилалари бағрига қайтиши ота-оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.

Сирдарё тумани Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ойбек Абдуллаев ана шу 1 нафар Сирдарёлик афв этилган фуқарони қабул қилди.

Қабулда туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ойбек Абдуллаев афв этилган Б.Махкамовга халқимизга хос бағрикенглик фазилатини намоён этган Президентимизнинг ишончини оқлаб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга афв этилганни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини тиклаш, ишга жойлаштириш ва шу каби бошқа ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси қаттиқ назоратга олинди.

Сирдарё туман ИИО Пробация гуруҳи

Text to speech