14 Май 2021 йил 293

ЮРТИМ УЗРА НУР ТАРАТГАН ҚИШЛОҚ

(Дунёдаги энг танти маҳалладошларимга эҳтиром ўрнида)

Болалигимнинг ҳали капалаклар-у, ниначиларга ошно илк йилларида онамнинг этагидан тутиб олиб бир чақиримча наридаги қудуқдан сув келтиришга борганимиз элас-элас эсимда. Станцияга элтадиган йўлдаги уйилиб ётадиган кўмир тепаликлари, темир йўлни кесишмасидан қоқилиб-суқилиб ўтганимиз, баъзан йиқилиб устим лойга белангани, қишда онамнинг челак кўтарган қўлларр музлаб қолганларини унутиб бўлармикан. Ўша пайтда темир изларни тарақ-тарақ қилиб, қизил вагонлари кинолентасидай ўтадиган поезд бола қалбимда ваҳима уйғотарди. Ҳаво очиқ кунлари станцияга сув олиш учун келган хотин-халаж навбат кутиб ўзаро гурунглашиб қолар, бу биз шўх болакайлар учун эса хавф-хатарни унутиб ўйнаб олиш учун айни муддао бўларди. Ҳар куни бу ердаги қудуққа поезд бир вагон сув қуйиб кетар, қишлоқнинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини шу қудуқ қондирарди. Онам ва аммам иккитадан челакда келтирган сув бир кунга чой, овқатга етарди. Устини ёпиб, обкашга илиб қўйиладиган сув ниҳоятда азиз эди. Бу хотираларни бугун фарзандларимга гапириб берсам эртак эшитгандай ҳайрон бўлиб қолишади. Бунинг сабаби бор...

Қишлоғимнинг тарихи жуда олисга бориб тақалади. Тахминларга қараганда унинг сал юқорасида жойлашган “Нурали бобо” ёдгорлиги ўрнида қадимда карвонлар, отлиқ аскарлар тўхтаб ўтадиган, отлари ва туяларини суғориб оладиган манзилгоҳ бўлган. Бу ерда Уструшона сарҳадларини қўриқловчи аскарлар учун кичик қалъа ҳам бўлгани ҳам тахмин қилинади. Чор Россияси Қўқон хонлигининг бойликларини, пахтасини ташиб кетиш учун шу қишлоқнинг бир пайтлар Александр Македонский, Бобир, Темур босиб ўтган йўли ўрнидан темир йўл тортиб ўтади. Шу ерда каттагина станция қуриб уни “эллик тўққизинчи раъезд (кесим)” деб атайди. Совет даврида эса қишлоқ четида насос станцияси қурилиб, чўлга қараб канал қазиб кетилди. Шу тариқа ўтган асрнинг 60 йилларидан бу ерда уйлар сони кўпая бошлаган. 70-80-йилларда эса қишлоқнинг кунчиқар томонида эса яна бир гигант корхона Сирдарё иссиқлик электр станцияси қурилган, қишлоқ аҳлининг аксарияти унга ишга жойлашган эди. Мустақиллик йилларида эврилиш сари юз тутган қишлоғимизнинг “Нуробод” деб ном олиши ҳам аслида шу электр станцияси орқали юртимиз бўйлаб олис-олис хонадонларга нур етказиб бераётганимиздан фахрланиш  туйғусининг ифодаси.

Истиқлол йилларида қишлоқ Ширин шаҳрига қўшиб берилди. Бу яхшиликка бўлди. Энди расмиятчилик ташвишлари билан беш чақирим наридаги йўли ўнғай шаҳарга бориш қайда-ю, йигирма чақирим наридаги йўли чап туман марказига бориш қайда! Айрим муаммоларга ҳам ечим топила бошланди. Маҳалла болалалари икки сменада таҳсил олар, синф хоналари етишмас эди. Фидоий инсонлар саъй-ҳаракати билан маҳалланинг ўртасида муҳташам мактаб, болалар учун стадион, замонавий спорт мажмуаси қад ростлади. Ҳовлиси арчазорларга, гулларга бурканган ушбу таълим даргоҳи ҳозирда қишлоқнинг кўрки, фахри!

Лекин қишлоқнинг азалий муаммолари ҳали ҳамон сақланиб қолган, уларга ечим топишнинг имкони йўқдек эди. Маҳалла ўртасидан ўтган йўл ўйдим-чуқурга айланган, ўттиз йил давомида уни ҳеч ким уни таъмирламаган эди. Ўтган асрнинг саксон бешинчи йили қишлоқнинг фидоий инсони, “фронтовик” Алимқул Ҳайитовнинг югур-югури, талашиб-тортишиши эвазига ётқизилган асфальт емирила бошланган эди. Одамлар унинг уён-бунидан сув қувури ўтказиш учун қазиб ташлашган, унинг ўрталарида пайдо бўлган “яма”лар ёмғирли кунларда сувга тўлар, ўтган-кетган улов борки чуқурга тушиб захаланмасдан қолмасди.

Станциядаги қудуқдан сув ташилмай қўйган, маҳалла аҳли ўз хонадонларида юзга яқин бетондан қудуқ барпо этиб олишган, сув ташир машиналардан улар ҳар ой сувни сотиб олишга мажбур эдилар. Ёзнинг иссиғида қудуқда сақланадиган сувда инфекция тушмаслигига ҳеч ким кафил бўлолмасди. Энди ўйлаб қарасам, ўша пайтларда қишлоқда тарқалган сариқ, терлама, холера каби юқумли касалликларнинг бир учи ичимлик сувининг қудуқда туриб қолиши билан боғлиқ бўлган экан. Бу ҳам майлия, ўн-ўн беш чақирим наридан машиналарда  келтириладиган ичимлик суви узилиб қолса аҳоли катта ташвишда қоларди.

Қишлоқнинг тепаси-ю, ён атрофидан юқори босимли уч-тўртта газ трассалари ўтган, маҳалла аҳлига буни умуман нафи йўқ эди. Тўғри, 90-йилларда маҳаллага газ тортилган, беш олти йил ёниб турган газ пасайиб-пасайиб охири газ тармоғини узиб ташланиши билан йўқ бўлди. Қишлоққа не машаққат билан тортилган газ тармоғи нарироқда қурилган ҳарбий қисмга қараб ўтказилди. Топган кўмир, топмаган ўтин билан қишлар, қиши билан катта кучлама тушгани учун электр трансформаторлари бир неча бор ёниб кетарди. Маҳалла уйлари ўз-ўзича бетартиб қурилгани учун ичкаридаги уйларга кириб бориш анчагина ташвиш туғдирарди. Бирор юмуш билан маҳалладошнинг уйига бориш учун қишда тизза бўйи лой, унинг устига катта-катта кўлмакларни шовиллатиб кечиб ўтишга тўғри келарди.

Бутун мамлакатга электр етказиб берадиган қишлоқнинг ҳаттоки марказий кўчаси ҳам кечалари зимистонга айланар, кўчага чироқлар ўрнатиш тўғрисида гапирилса ҳамманинг юзида истеҳзо пайдо бўларди. Маҳалла раиси ўз котиби билан даққиюнусдан қолган, поллари кўчган, эшик-деразалари шалвираб қолган иморатда фаолият юритар, ўзи учун етарли шароитга эга бўлмаган маҳалла раисидан маҳалланинг муаммоларини ҳал қилишни кутиш булутсиз осмондан ёмғир кутишдек гап эди. Маҳаллада мактабгача таълим муассаси йўқ,унинг қурилиши ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмаганди.

Ана шундай муаммолар гирдобидаги маҳалладаги ўзгаришлар 2018-йилда бошланди. Ўшанда маҳалла Президент ташаббусига кўра ташкил этилган учинчи сектор ҳудудига бириктирилди. Шаҳар ҳокими, шаҳар ИИБ бошлиғининг ҳар кунги иш вақти шу маҳалладан бошланадиган бўлди. Ўшанда аҳоли шаҳар хокими Илҳом Бегалиев, шаҳар ИИБ бошлиғи Акбар Эгамназаровни унча хушламай қарши олди. Қуруқ ваъдалардан тўйган, ўз бошида анча-мунча кунларни ўтказган қишлоқ аҳлини тушунса бўларди. Ахир муаммо кўтарган салкам “ёзувчи”, “закунчи” номлари билан қораланган кунларга ҳали кўп бўлмаганди-да. Лекин бугал иш бошқа тус олди. Уларнинг ортида шахсан Президентнинг ўзи тургани, қишлоқ “Обод маҳалла” дастурига тушганини биров тушунган, биров тушунмаганди. Айни баҳор майсалар сабза ура бошлаган чоғи қишлоқ бўйлаб тарҳчилар, геодозиячилар ўз дурбинларини, асбобларини кўтариб зир югуриб қолишди. ИИБ бошлиғи ҳар бир хонадонда бўлар, уларнинг ҳолидан хабар олар, кўчалардаги муаммолар хатланар эди.

Ўрик гулларини тўкар-тўкмасдан маҳаллага оғир бульдозерлар, эксковаторлар гуриллаб, турнақатор бўлиб кириб келди. Йўлчилар, қурувчилар, электр усталари, газчилар енг шимариб иш бошлади. Улар бажариладиган ишлар тарҳини пухталик билан тузиб чиқишди. Қишлоқ аҳлининг ҳайрати “Кустонинг ҳайрати”дан асло кам эмасди.

Ўзгаришлар эпкинидан уйғона бошлаган қишлоқ аҳли қаттиқ туриб олиб энг авввал маҳаллага газ тармоғини тортишни талаб қилди. Масала шаҳар, вилоят миқёсидан чиқиб республикадаги мутасадди идораларгача етиб борди. Қатият ўз сўзини айтганда элнинг қувонганини кўрсангиз эди. Сирдарё ИЭС директори Мирзааҳмад Шоимов бир неча километр труба туҳфа қилди. Азалдан аҳил бўлиб келган маҳалла аҳли ҳам қараб турмади. Ўзлари пул йиғишиб икки километр газ қувури харид қилишди. Шаҳар хокими, ИИБ бошлиғининг югур-югури билан вилоятнинг турли ҳудудларидан яна бир тўрт километр газ қувури келтирилди. Шу тариқа Президент Мирзиёев бошлаб берган нурли манзиллар сари йўлнинг рамзий ифодаси бўлиб қишлоқдаги ҳар бир хонадонда зангори олов нур тарата бошлади.

Бетартиб хонадонлар оралаб янги йўллар қуриш ғояси дастлаб нохуш кутиб олинди. Ростда, ким ҳам ўз экинзоридан айрилишни истайди? Лекин тўғри тушунтирилгач, маҳалланинг ичкаридаги одам қадам босиши қийин бўлган хонадонлари бўйлаб уч тўртта йўл туширилди. Энига ўн метр, узунлиги бир неча километр ушбу янги йўлларга шағал тўшалди. Кўп ўтмай ўз даласининг бир қисмидан айрилган хонадонларнинг хафагарчилиги ариди. Тўғриси, улар лой кечиб ўтиладиган ёлғизоёқ йўллар билан, ушбу янги йўлни солиштириб кўриб, тўғри иш қилинганига амин бўлишганди. Ҳамма учун қулайлик яратган ушбу равон, шағал тўшалган йўлларда автомашинада ёки пиёда тўғри марказга чиқиш имкони яратилганди. Йўл масаласи шу билан тугамади. Қишлоқдаги барча ичкаридаги йўлларга икки қават шағал тўшаб чиқилди.  Ҳисоблаб чиқилганида бу йўлларнинг узунлиги 20 километрдан ошди. Қишлоқнинг марказидаги йўл эса буткул таниб бўлмас даражага етказилди. Унинг четидаги аҳолининг пахса деворлари бузилди. Йўл кенгайтирилиб, унинг икки четига лоток ётқизилди. Унинг икки четига қурилган икки қатор замонавий троутар пиёдалар, велосипедлар учун жуда катта қулайлик туғдирди. Марказий йўл асфальт билан қопланиб, юриш учун равон бўлиб қолди. Сектор раҳбарлари ташаббуси билан йўлнинг икки четига ўрнатилган элликдан ортиқ замонавий лед лампалар чароғонлигидан қишлоқ чиройи шунчалик очилдики, тунда ташриф буюрган анчагина бегона кишилар  “адашиб қолмадиммикан” деб ўзига савол бергани ҳам рост. Маҳалладаги трансформаторлар буткул янгиланиб, янги электр линияси тортилгани қишдаги узилишларга барҳам берди.

Маҳаллага кираверишдаги кўзга кўринарли жойда икки юз ўринли замонавий мактабгача таълим муассасаси қад ростлади. Учта ёнма-ён корпусдан иборат муассаса ташқаридан эртаклар шаҳарчаси кўринишини олди. Ичкарида машғулотлар, ўйин, спорт, овқатланиш, ювиниш,ётоқ хоналарини ўз ичига олган қуёшжонлар масканига бугун кирсангиз, юздан ортиқ шўх шодон болакайлар қувнаб юрганини кўриб дилингиз яйрайди. Чиройли мебеллар, ўйинчоқлар, гиламлар, чироқлар кўзингизни қувонтиради.

Кузга яқин марказдаги мактабнинг рўпарасида қисқа вақтда қуриб битказилган маҳалла биносига раис ўз маслаҳатчиси, котиби билан кўчиб кирди. Поллари замонавий паркетланган, деразалари акфапрофилли, замонавий стол-стул ўрнатилган, ҳовлиси супаси бор бу бино маҳаллага, маҳалла эса ушбу бинога жуда ярашиб тушди. Маҳалла оқсақоли Сапар раисни айтмайсизми, ҳазил қилиб айтганда тўйиб асал еган одамдай оғзидан бир неча ой бол томди.

Сал наридан эса маҳалла профилактика инспектори учун барпо этилган хизмат уйи олис Сайхунободдан келиб ишлаётган ИИБ ходимининг оиласини ўз бағрига олди. Ичида ҳамма шароити бор уч хонали уйга дастлаб изтеҳзо билан қараган бўлса, кейин ҳамма ҳавас қилди. Ихчам, қишда иссиқ, ёзда салқин, томлари алвонранг бино маҳаллада кейинги қурилган уйлар учун намуна вазифасини бажарди.

Кейинги йили баҳорда маҳалла аҳли ўзгаришлардан илҳомланиб кетди. ИИБ бошлиғи, сектор раҳбари даъвати билан ҳар ким ўз тўғрисидаги деворларини қайтадан қурган, кўчаларга гул эккан, арча, қарағай каби манзарали дарахтларни қадаган кунларнинг шукуҳи бошқача эди.

Дарвоқе, сўнггисўз ўрнида ҳикоямиз бошидаги сувнинг сатнциядан ташиб келтирилгани болаларга эртак бўлиб туюлиши сабаби ҳақида. “Обод маҳалла” дастури доирасида қишлоққа бир эмас икки қатор ичимлик сув қувури тортилди. Бириси шаҳар марказидан тортилиб, қишлоқ марказидаги кўчанинг ҳар юз метрига кран чиқариб кетилди. Айрим уддабуронроқлар ҳашар йўли билан шу қувурдан ичкарига ўз хонадонларигача тортиб олишди. Иккинчи қувур эса Зомин тарафдан, “Жаҳон банки”нинг лойиҳаси асосида тортилиб, ҳар бир хонадоннинг остонасигача тортиб қўилди. Ҳозирда ушбу қувурдаги монтаж ишлари давом эттирилмоқда.

Мухтасар айтганда, Президент ташаббусига кўра шаҳар раҳабарияти, учинчи сектор мутасаддилари, маҳалла аҳлининг ўзаро аҳил-иноқлик билан яратган мўжизаси сабаб “Нуробод” амалда бутун мамлакатга электр нурини етказиб бераётган маҳаллагина эмас, ўзи ҳам нурга чулғанган манзилга айланди.          

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,

“Postda” мухбири. Сирдарё вилояти

Text to speech