26 Декабр 2020 йил 324

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда хорижий давлатлар тажрибаси мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтининг “Конференция зали” ва вилоятлар ИИВ Академик лицейларидаги филиалларида “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусида онлайн тарзда давра суҳбати (видеоконференция шаклида) ўтказилди.

Ушбу давра суҳбатида ИИВ Малака ошириш институти раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбарияти ҳамда жойлардаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари масъул ходимлари иштирок этишиб, Республикамизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда илғор хориж тажрибаларидан фойдаланиш, йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси тизимини такомиллаштириш, назоратнинг юқори самарадорлигини, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни таъминлайдиган йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тартибга солиш тизимини кенгайтириш, йўл инфратузилмасини тубдан яхшилаш, шунингдек, йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

ИИВ Малака ошириш институти Сирдарё филиали аудиторияси орқали Сирдарё вилояти ИИБ ЙХҲБ Йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат этиш бўлинмаси бошлиғи капитан Абдуллаев Ғайрат Икромович“ Британияда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда жарима балларини тўплаш тизими” мавзуси билан иштирок этиб, Буюк Британияда йўл ҳаракати қоидалари тизими, ҳаракат қоидалари бузилишининг таснифланиши, қоидабузарликларни ҳисобга олиш, жарима балларини тўплаш тизими (уч йил ичида 12 ва ундан кўп балл тўплаган ҳайдовчи олти ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилиши) ва ушбу тизимнинг йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишини олдини олишдаги афзалликлари тўғрисидаги маълумот берди.

Давра суҳбати савол-жавоб тарзида муҳокамаларга бой бўлиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

ИИВ Малака ошириш институти Сирдарё филиали

Text to speech