8 Октябр 2020 йил 790

ЙҲХБ инспекторига пора берган ҳайдовчи.

Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси маъмурий ҳуқуқбузарлик материалларини кўриб чиқиш бўйича инспектори катта сержант Шокиров Турсунбой Маҳкамович 2020 йилнинг 03 октябрь куни Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиб, ҳайдовчи Д.Мга нисбатан тузилган маъмурий баённомани қонуний қарор қабул қилиниши учун топширилганлигини, маъмурий баённомани маъмурий базага киритиш давомида, ҳайдовчи Д.М маъмурий баённомани базага киритмаслик хамда автомашинани жарима майдончасидан чиқариб бериши эвазига ходим томонидан бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан 100 (юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора сифатида беришни таклиф қилаётганлигини билдириб, фуқарога нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур билдиргига асосан, 2020 йил 03 октябрь куни соат 18:45да, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Сирдарё вилояти бўйича бўлими, Департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси хамда Департаментнинг Сайхунобод тумани бўлими ходимлари билан ҳамкорликда Сайхунобод тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасида ўтказилган тезкор тадбир давомида, катта сержант Шокиров Турсунбой Маҳкамовичнинг хизмат хонасида ҳайдовчи Д.М ходимга ўзига нисбатан тузилган маъмурий баённомани базага киритмаслик хамда автомашинани жарима майдончасидан чиқариб бериши эвазига ходим томонидан бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан 50 (эллик) АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашё билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани прокуратураси томонидан хайдовчи Д.Мга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

Text to speech