26 Июн 2020 йил 641

Изланиш истеъдодга қанот

Ёшлар камолотида илму маърифат нечоғлик аҳамият касб этса, адабиётнинг ўрни ҳам шу қадар муҳимдир. Сўнгги йилларда юртимизда адабиётга кўрсатилаётган эътибор замирида ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини тўла намоён этиш учун етарлича шарт-шароит яратишдек эзгу мақсад мужассам. Бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, бугун ўзининг ёрқин фикрлари билан адабиёт оламига кириб келаётган ёшларимиз жуда кўп.

Моҳичеҳра Хурсанова ана шундай шижоатли ёшлардан бири. У ҳозирда Ўзбекистон Республикаси иив Сирдарё академик лицейида таълим олади. Қалби адабиётнинг сеҳрли оламига ошно Моҳичеҳра таълим даргоҳидаги фанларни ва қўшимча машғулотларни аъло даражада ўзлаштириш билан чекланиб қолмайди. Китоб мутолааси унинг энг севимли машғулоти. Ҳикоя, шеър ва мақолалар ёзиб, ижодий изланиш ҳаракатида. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ёш китобхон» ва «Зукко китобхон» кўрик-танловларининг туман ва вилоят босқичларида фаол иштироки билан фахрли ўринларни эгаллаб келаётир.

2019 йилда ёш қаламкашнинг назм ва насрдаги ижод намуналари ҳамда публицистик мақолалари жамланган «Умид сўнмасин» номли илк китоби нашрдан чиқди.

Моҳичеҳранинг «Сирдарё ҳақиқати», «Postda» газеталарида чоп этилган ҳикоя ва мақолалари ўз мухлисларига эга. Яқинда Россиянинг «Студенческий вестник» журнали ва Боку халқаро конференцияси тўпламларида ҳам унинг мақолалари чоп этилди.

Қаҳрамонимиз адабиётга меҳр қўйган ижодкор бўлиш билан бир қаторда, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси, «Қизлар овози» клуби Сирдарё вилоят кенгаши сиёсий-ҳуқуқий саводхонлик координатори. Зукко, фикрлари теран Моҳичеҳра «Ҳоким ва ёшлар», «Прокурор ва ёшлар», «ИИБ бошлиғи ва ёшлар» учрашувларида асосли таклиф ва мулоҳазалари билан ҳам устозларининг ишончи, тенгдошларининг эътиборини қозонган.

Изланиш, интилиш истеъдодига қанот бўлаётган М.Хурсанова коронавирус пандемияси туфайли юртимизда жорий этилган карантинда ҳам «Diplomat MUN 2020» каби халқаро конференцияда онлайн иштирок этди. Унда сўзлаган нутқи ва баён этган таклифлари билан «Энг яхши нотиқ»» (The Best Speaker) номинациясида  ғолибликни қўлга киритди.

Бугун адабиёт оламига беғубор туйғулар билан кириб келаётган Моҳичеҳра Хурсанова тимсолида билим уфқи кенг, изланувчан, ташаббускор, энг муҳими, адабиётга меҳр-муҳаббати беқиёс ёшлар авлодини кўриш мумкин.

Text to speech