Ижтимоий тармоқлардаги "Гулистонда чойхона ёқиб юборилган. Жабрланувчининг ИИБга аризаси кўриб чиқилмаяпти" деб номланган мақола юзасидан расмий муносабат.
2020 йил 1 апрелдан 2 апрелга ўтар кечаси Гулистон шаҳар, “Маданият” маҳалласи, “А.Темур” кўчаси, 101-уйда жойлашган фуқаро Юсупов Бобур Хазратқуловичга қарашли “Бобур Хазратқулович” номли хусусий корхона номидан ижара асосида юритиб келинаётган фуқаро Абдуразакова Наргиза Рахимовнага қарашли “Азизбек” чойхонасида ёнғин содир бўлган.
Ёнғин натижасида “Азизбек” чойхонасининг девор ва шифт қисмининг 150 м2 пластик қопламаси, ёритиш плафонлари, 4 дона қувватлагич лампочкалари, 20 метр электр кабели, 3 дона электр розеткаси, 3 дона ўчиргичлари, 1 дона 24 дюмли “Артель” русумли телевизори, видеокузатув мосламалари ва регистраторлари, касса аппаратлари ва терминали, стол-стуллар, 2 дона юмшоқ диван, девордаги расмлар, идиш товоқлар, парда ва карнизлар, пул купюралари, кийим-кечаклар, гилам, сейфдаги ҳар хил ҳужжатлар ёнган ва зарарланиб, жами 57.528.000 сўмлик зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИО ФМБнинг масъул ходимлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ёнғинни келиб чиқиш сабабларини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Шу сабабли ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиб бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан туриб қонуний қарор қабул қилиб бўлмасликни инобатга олиб, ҳолат юзасидан 10.04.2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 173-моддаси 1-қисми билан 244011/2020-26-сонли жиноят иши қўзғатилган ва жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 2019 йил 16 январь куни “Бобур Хазратқулович” ХК раҳбари фуқаро Юсупов Бобур Хазратқулович Гулистон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, 2019 йил 13 январь куни таниши Кулбеков Шерали Гулмуродович томонидан ўзига тегишли бўлган “Нексия” русумли 20 V 393 CA давлат рақам белгили автомашинаси “Азизбек” чойхонаси олдида турган вақтида автомашинанинг ички қисмига бензин қуйиш йўли билан ёқиб юборганлигини маълум қилган.
Судга оид транспорт-баҳолаш экспертизасининг 2019 йил 15 январдаги №58/13.3-сонли хулосасига кўра, “ГБАСПГ NЕХIА СОНС” русумли, 20 V 393 СА давлат рақам белгили автомашинага 4.135.312 сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида Б.Ҳ.Юсуповнинг аризасида кўрсатилган важлар тўлақонли текширилиб, фуқаро Ш.Г.Кулбеков мазкур ҳаракатни содир қилганлиги ўз тасдиғини топмаганлиги ҳамда ёнғин оқибатида келтирилган моддий зарар миқдори Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 173-моддасида кўрсатилган зарар миқдорини ташкил этмаганлиги сабабли 25.01.2019 йилда Гулистон шаҳар ИИО ФМБ масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Мазкур жиноятни фош этиш ва ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармасининг масъул ходимлари томонидан кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати