30 Август 2020 йил 826

Ижтимоий тармоқларда "Сирдарёда снос. Буза-буз!" сарлавҳаси остида кенг тарқалган видео тасвир юзасидан расмий муносабат.

«Уй ҳокимият рухсатисиз ўзбошимчалик билан бузиб ташланмоқда» деб номланган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.

Ушбу видео тасвирдаги ҳолатлар Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» МФЙ «Солин» қишлоғида яшовчи фуқаро Бўронов Абдумўмин Тоғаевичнинг «Сардоба сув омбори» тўғонида юз берган сув тошқини оқибатида талофат кўрган хонадонида тасвирга олинган.

Барчамизга маълумки жорий йилнинг 1 май куни «Сардоба сув омбори» тўғонида юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатида талофат кўрган Ҳақиқат МФЙнинг Солин қишлоғида яшовчи аҳолига тегишли турар-жойлари ўрнидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги 294-сонли қарорида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш кўрсатиб ўтилган. Ушбу қарор асосида аҳоли яшаш шароитини яхшилаш, маҳалла фуқароларни иш ўрни билан таъминлаш мақсадида «Солин» қишлоғидаги фуқаролар томонидан қурилган турар жойлар ўрнида «Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари» ҳамда «Экобозор» қурилиши режалаштирилган. «Солин» қишлоғидаги қурилган турар жой эгаларига (видео тасвирга олинган ушбу хонадон эгасига ҳам) эса сув тошқинидан бино ва иншоотларга зарар етганлиги сабабли етказилган зарарларни қоплаш учун Давлатимиз томонидан ажратилган 40 000 000 (қирқ миллион) сўм пул маблағи ҳамда хонадонларга 6 (олти) хил турдаги маиший техника воситалар олиш учун сертификат берилиб, бундан ташқари “WHITE CITY CONSTRUCTION” МЧЖ томонидан Мирзаобод тумани Ҳақиқат МФЙ ҳудудида қурилаётган кўп қаватли уй-жойларидан ҳеч қандай тўловларсиз ажратиб берилиши режалаштирилган. Лекин, видео тасвирдаги хонадон эгаси фуқаро Бўронов Абдумўмин Тоғаевичнинг турмуш ўртоғи Қаршибоева Нилуфар Хидировна (видео тасвирдаги аёл) томонидан «Солин» қишлоғида «Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари» ҳамда «Экобозор» қурилиши қуриш ишларига фаол қаршилик кўрсатиб келаётганлиги сабабли, туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар ва Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларининг 2020 йил 28 августдаги қарорининг мазмун моҳияти юзасидан фуқаро Бўронов Абдумўмин ва унинг турмуш ўртоғи Қаршибоева Нилуфар Хидировнага тегишли тартибда тушунтириш ишлари ҳамда Мирзаобод тумани Хокилиги томонидан жорий йилнинг 09 август куни огоҳлантириш хати берилишига қарамасдан огоҳлантириш хатини олишдан бош тортган.

Улар томонидан ҳокимият вакилининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳолатлари давом этганлиги сабабли ҳудудда жамоат тартибини сақлаш мақсадида ички ишлар орган ходимлари жалб этилган.

Ушбу ҳолатда ходимлар томонидан хонадон эгаларига ҳеч қандай куч ишлатилмаган. Видео тасвирдаги аёл ўзини махсус транспорт воситаси тагига ташламоқчи бўлганида Ички ишлар органлари ходимлари уни четга олиб, аёлнинг хавфсизлигини таъминлаган. Ички ишлар органлари ходимларининг бундай холларда асосий вазифаси фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашдан иборатдир.

Фуқароларимиздан шуни сўраб қолар эдикки ҳукумат томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарор, ҳар бир меъёрий ҳужжат инсонпарварлик тамойилларига асосланганидек, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога унга амал қилиниши юзасидан ҳам бурч ва масъулият юклайди.  

Хулоса ўзингиздан.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

Text to speech