20 Январ 2022 йил 410

ИИВ СИРДАРЁ АКАДEМИК ЛИЦЕЙИДА МEМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ !

Ҳар тилни билув энди бани одама жондур,

Тил восияйи робитайи оламиёндур,-

деган эди маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар. ХИХ асрда айтилган бу доно фикр бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Бугунги кунда чет тилларини ўрганишга давлат миқёсида берилаётган эътибордан руҳланган ҳолда ИИВ Сирдарё академик лицейида чет тили фанлари ўқитувчилари учун мастер класс бўлиб ўтди. Академик лицейда хорижий фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўрганилади. Бу фанлардан сабоқ берувчи педагоглар жамоасининг сифат таркибига ИИВ ва лицей раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор берилади. Бунинг натижаси сифатида 2021 йилнинг озида чет тиллари кафедрасидан 7 нафар инглиз тили ўқитувчиларнинг 4 нафари С-1 даражадаги, 3 нафари Б2 даражасидаги сертификатга эга бўлишганини кўришимиз мумкин.

Ўтказилган семинар-тренингга 2021 йил ташкил этилган "Хорижий тилларини ўрганишни оммалаштириш агентлиги" Сирдарё бўлими бошлиғи Ортиқов Қудрат Саидович, агентликнинг етакчи мутахассислари M.E.Tagayeva, U.M.Maqsadbekovalar ташриф буюришди. Тренинг давомида лицей раҳбарияти агентлик билан меморандум имзолади. Унга кўра йил давомида агентлик билан ҳамкорликда чет тили фанлари ўқитувчилари учун семинар-тренинглар ташкил этиб боришга келишиб олинди.

"Республикамиздаги таълим муассасалари орасида юқори ўринларда одимлаб бораётган ИИВ Сирдарё академик лицейи ўзида юқори малакали педагог ходимларни жамлаган десак адашмаган бўламиз, айниқса, чет тили фанлари ўқитувчиларининг билим даражалари мени қувонтиради. Лицейда хорижий тилларга бўлган қизиқишни инглиз тилидан ташқари немис ва француз тилларининг чуқурлаштирилган ҳолда ўтилаётганидан ҳам англасак бўлади", -дейди Хорижий тилларини ўрганишни оммалаштириш агентлиги Сирдарё бўлими бошлиғи Ортиқов Қудрат Саидович.

Лицей ўқитувчилари учун бундай семинар - тренинглар меморандумга кўра энди ҳар ойда ташкил этилади.

ИИВ Сирдарё академик лицейи Ёшлар етакчиси Ч. Шодмонова

Text to speech